Жамият | 07:35 / 26.12.2024
1714
3 дақиқада ўқилади

Бешта ҳудудда 16 кг гиёҳвандлик воситалари тўхтатиб қолинди

Ўзбекистоннинг бешта ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 16,4 кг наркотик моддалар мусодара қилинди. 

Фото: Sputnik / Стрингер

Самарқанд тумани ҳудудида ҳаракатланаётган Nexia автомашинаси тўхтатилиб кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Пахтачи туманида яшовчи, 1981 йилда туғилган Э.М.га тегишли 7 кг 230 гр “гашиш” ва 1 кг 289 гр “метамфетамин” гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланди.

Терговга қадар текширув давомида, улар афғонистонлик наркосавдогарлар томонидан юборилганлиги маълум бўлди.

Ургут туманида муқаддам судланган фуқаролар, 1986 йилда туғилган Ф.Х. ва 1999 йилда туғилган Ш.А.лар Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган 921 гр “опий” моддасини харидорга 12 минг долларга сотмоқчи бўлган вақтида ушланди.

Наманган шаҳрида яшовчи 1995 йилда туғилган Ш.Й. ва А.Й. ҳамда 1994 йилда туғилган Ш.Қ.лар муқаддам тожикистонлик наркосавдогарлар томонидан Чуст туманидаги дала майдонига яшириб кетилган 3 кг 50 гр “гашиш” моддасини олган вақтда ушланди.

Бошқа ҳолатда эса Наманган–Андижон йўналишида ҳаракатланаётган Lacetti автомашинаси Норин тумани ҳудудида тўхтатилиб текширилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Асака туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган, муқаддам судланган Ф.Х.га тегишли 1 кг 911 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланди.

Терговга қадар текширув давомида гиёҳванд моддалар муқаддам Қирғизистондан айланма йўллар орқали Наманган вилоятининг Учқўрғон туманига олиб келинганлиги маълум бўлди.

Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи 1990 йилда туғилган, муқаддам судланган Б.Б. Тожикистондан олиб келинган 2 кг 16 гр “опий” моддасини 10 минг долларга сотган вақтида ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246 (контрабанда) ва 273-моддалари (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид