Қозоғистонда қулаган Озарбойжон самолёти: Россиянинг хатоси нимада?
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uzʼдаги колонкасида мана шу авиаҳалокат фонида постсовет ҳудудидаги геосиёсий вазиятни таҳлил қилиш муҳимлиги ҳақида фикр юритди.
25 декабр куни тонгида Қозоғистоннинг Манғистов области маркази Оқтов шаҳрига Embraer-190 самолёти қулаб тушди. Бу самолёт Озарбойжон ҳаво йўлларига тегишли бўлиб, Бокудан Грознийга учган эди. Унда экипажнинг беш нафар аъзоси билан жами 67 киши бўлган. Шундан 38 киши ҳалок бўлиб, фақат 29 киши омон қолган.

Самолёт Грознийга қўнишга уч марта ҳаракат қилади ва учинчи уринишда қулайди. Самолёт Россия ҳудудида шикастланган, Озарбойжон томони берган маълумотларга кўра, унга яқин атрофдаги бирор аэропортга қўнишга рухсат берилмаган ва Каспий денгизи устидан учиб, Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри аэропортигача етиб боради.
Бу вақтда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев МДҲ саммитида иштирок этиш учун Санкт-Петербургга учаётганди ва фожиали хабардан кейин Москва областига етганда самолётини ортга қайтарган.
Алиев Россия томонидан расмий ва асосли муносабатни уч кун кутди ва Россия пропагандасининг «балки қушлар урилган», «ёки кислород баллони портлаган» қабилидаги баҳоналаридан сўнг, 29 декабр куни Илҳом Алиев Россияни қаттиқ танқид қилиб чиқди.
«Кўриниб турибдики, самолётни Россия уриб туширди. Бошқа вариантни ҳеч ким исботлаб бера олмайди» деди Илҳом Алиев ва Россия тарафига бир қанча шартларини билдирди. Жумладан, Россия қилган ишини тан олиши, Озарбойжон давлати ва халқидан кечирим сўраши, самолётни уриб туширишда айбдор бўлганларни жазолаш ҳамда қурбонларнинг оилаларига компенсация тўлаши талаб қилинди.
Қўшимча равишда, расмий Боку Россия фуқароларига Озарбойжонда бўлиш тартибини қаттиқлаштирди, Озарбойжон самолётларининг Россия устидан парвозларини чеклади.
29 ва 30 декабр кунлари Путин ва Алиев икки марта телефонлашган. Путин «Россия ҳудудида содир бўлган авиаҳалокат учун узр сўраши»ни айтди, лекин «уриб қўйганимиз учун» демади, самолёт нега Россиянинг бошқа шаҳарларига қўндирмаганини ҳам шарҳламади.
Мана шундай авиаҳалокатлар давлатларнинг ҳуқуқий ва сиёсий тафаккурини яхши очиб беради. Ўзини ҳурмат қиладиган давлатлар бўлган воқеани тезда эътироф этади, айбини тан олади ва етказилган моддий ва маънавий зарарларни қоплашга ваъда беради. Баъзи давлатлар эса масъулиятдан қочади, бошқаларни айбдор қилишга уринади.
Таққослаш учун, 2020 йил 8 январида Эрон пойтахти Теҳрон аэропортидан энди кўтарилган самолёт уриб туширилганди. Бу эрон ҳарбийларининг хатолиги билан бўлганди. Самолётдаги 176 кишининг барчаси ҳалок бўлади. Ўшанда Эрон ҳукумати бу ишни бости-бости қилиш йўлини танламаганди. Эрон президенти Ҳасан Руҳоний шу заҳоти хатони тан олади, бўлган воқеани рўй-рост айтади, ҳалқаро комиссия тузишга ва компенсация тўлашга рози бўлади.
Лекин Россия – Эрон эмаслигини кўрсатиб қўйди. Азалдан ушбу давлат ўз айбини тан олмасликка ва бошқаларни айбдор қилишга ҳаракат қилади. 2014 йилда Украинанинг Донбасс области устидан учиб ўтаётган МH 17 рақамли «Боинг» самолёти уриб туширилган эди. Бу самолётни Донбассдаги айирмачилар уриб туширгани кейинроқ исботини топади. Халқаро текширувларда Россия таъсиридаги айирмачиларга «Бук» зенит-ракета комплексини РФ бергани ҳам исботланган. Лекин Россия ҳалигача бу жиноят учун жавобгарликни расман ўз зиммасига олгани йўқ.
Мана шу авиаҳалокат фонида постсовет ҳудудидаги геосиёсий вазиятни таҳлил қилиш муҳим. Бу авиаҳалокат Россия-Украина уруши сабабли келиб чиқди. Чунки, Россиянинг Украинага хужумлари сабаб Украина дронлари Грозний атрофида учиб юрганди ва россияликлар ўша дронларни уриб туширишга уринганида Озарбойжон самолётини «уриб қўйишди».
Россия Украинадаги уруш сабабли Суриядаги мавқейини йўқотди ва бу заифлашувни дунё давлатлари кўриб турибди. Украинадаги уруш сабабли Россия Кавказда ва Марказий Осиёда ҳам ўз обрўси ва салоҳиятини йўқотмоқда.
Ушбу авиаҳалокат фонида Озарбойжон ва Қозоғистон ҳамкорлиги – таҳсинга лойиқ. Бу давлатлар Россия олдида ўзини тили қисиқ ҳис қилаётгани йўқ, Путинга танбеҳ беришда дадил туришибди. Москва ўша самолётнинг «қора қутиси»ни сўради. Лекин Қозоғистон ва Озарбойжон «қора қути»ни қоидасига кўра Бразилияга, самолёт ишлаб чиқарилган давлатга беришга қарор қилди, бу қарор эса Путинга ёқмаслиги тайин.
Қолаверса, авиаҳалокат фонида нафақат Озарбойжон, балки, Қозоғистон, Туркманистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатлар ҳам ўз самолётларининг Москвага парвозларини маълум муддатларга бекор қилишди. Бу оддий халқ тилида «сен хавфсиз давлат эмассан» деганидир. Ва бу ҳам Россия репутациясига катта зарба.
Авиаҳалокат фонида кўряпмизки, Россиянинг Кавказдаги ва Марказий Осиёдаги таъсир доираси жуда катта ҳажмда қисқариб бормоқда. Яқинда расмий Москвадан қўрқиб, унинг раъйига қараб гапирадиган республикалар бугун баралла Путинга мутлақ ёқмайдиган баёнотлар, танбеҳлар бермоқда, ўзининг ҳақиқий суверен республикалар эканини кўрсатиб қўймоқда.
Россиянинг Украинага бостириб кириши – собиқ иттифоқни қайтадан тузишга эмас, Россиянинг минтақадаги қолган таъсири ҳам сусайишига сабаб бўлмоқда.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Тавсия этамиз
Қайси тоифадаги талабалардан ўқишни тугатгунча гранти олиб қўйилмайди?
Ўзбекистон | 11:26 / 07.06.2025
Миллий жамоа аъзоларига BYD автомобиллари топширилади
Спорт | 16:14 / 06.06.2025
Трамп ва Маск очиқчасига уришиб кетди
Жаҳон | 12:05 / 06.06.2025
Янги Тошкент қанақа бўлади? Бош архитектор ва масъул шаҳарсоз билан суҳбат
Ўзбекистон | 17:07 / 05.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Тошкентнинг айрим кўчалари веломарафон сабаб вақтинча ёпилади
Ўзбекистон | 00:21
-
Туркияда сайёҳларнинг картасидан 29 млн доллар ўғирлаган гуруҳ аъзолари ушланди
Жаҳон | 22:58 / 07.06.2025
-
Илон Маск АҚШ президенти билан зиддият ортидан янги партия тузишни таклиф қилди
Жаҳон | 22:08 / 07.06.2025
-
Жеймс Кукнинг афсонавий Endeavour кемаси топилди
Жаҳон | 21:48 / 07.06.2025
Мавзуга оид

12:10 / 03.06.2025
Алиев: «Аср шартномаси» минтақадаги геосиёсий ва геоиқтисодий вазиятни ўзгартирди

15:49 / 24.05.2025
Ўзбекистон Шуша декларациясига қўшилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

16:28 / 23.05.2025
Эрон 2023 йилда Озарбойжон элчихонасига ҳужум қилган эркакни қатл қилди

23:17 / 22.05.2025