Жаҳон | 20:35 / 07.01.2025
2363
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Асад ағдарилганидан кейин Сурияга қарши санкцияларни юмшатди

Хусусан, нефт ва газ санкциялари юмшатилган, аммо бу америкаликларнинг ўзи учун муҳим.

Фото: AP

АҚШ ҳокимият алмашганидан кейин Сурияга қарши санкцияларни юмшатди. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлиги хабар берди.

Хусусан, Вашингтон Суриядаги давлат муассасалари билан баъзи молиявий операцияларга, энергия ресурслари учун тўловларга, шунингдек, Сурия Марказий банки орқали пул ўтказмаларига (Россия ёки Эрон манфаатларидан ташқари) чекловларни вақтинча бекор қилди.

«Бугунги кунда АҚШ Молия вазирлигининг Чет эл активларини назорат қилиш бошқармаси Суриядаги фаолият ва операциялар учун рухсатномани 2024 йил 8 декабрдан кейин узайтириш учун Сурия бош лицензиясини (GL 24) берди. Бу рухсатнома 6 ой муддатга берилди. АҚШ Суриядаги вазиятни кузатишда давом этмоқда», дейилади баёнотда.

GL 24 лицензияси 2024 йил 8 декабрдан кейин Суриядаги давлат идоралари билан операциялар учун амал қилади. Хусусан, нефт, нефт маҳсулотлари, табиий газ ва электр энергияси билан боғлиқ битимлар, шунингдек, мамлакатга шахсий пул ўтказмаларини амалга оширишга рухсат этилади.

«Россия ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланган Башар Асаднинг шафқатсиз ва репрессив бошқарувининг тугатилиши Сурия ва унинг халқига қайта тикланиш учун ноёб имконият яратади. Ушбу ўтиш даврида Молия вазирлиги Сурияда гуманитар ёрдам ва масъулиятли бошқарувни қўллаб-қувватлашда давом этади», деди АҚШ молия вазири ўринбосари Уолли Адейемо.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид