Жаҳон | 22:56 / 16.01.2025
4943
5 дақиқада ўқилади

“Олигархия – эркинлигимизга таҳдид” — Байден хайрлашув нутқини сўзлади

АҚШнинг 46-президенти Америка халқига хайрлашув мурожаатини йўллади. Байден энг оғир даврда президентлик қилгани, лекин давлатини инқирозли вазиятдан муваффақиятли олиб ўтганини гапирди. Сўзи охирида Америка бойлар исканжасида қолаётганидан хавотирини айтди.

Америка доим бир сўз билан ифодаланишини хоҳлардим – имкониятлар. Камтарона оилада туғилган, дудуқланадиган бола кун келиб овал кабинетда ўтирди, АҚШ президенти бўлди. Чунки бу – сеҳрли Америка”.

Бу гапларни президент Байден 15 январ оқшомида Оқ уйдан туриб, халқи билан хайрлашув нутқида айтди. Байденнинг халққа мурожаати 17 дақиқадан ошиқроқ давом этди. У нафақат президентлигининг 4 йили, балки ярим асрдан ортиқ давом этган сиёсий карьерасини ҳам сарҳисоб қилди.

Байден халқ билан хайрлашув нутқида аввало Ғазодаги урушга тўхталди.

Маъмуриятим 8 ойлик тинимсиз музокаралардан сўнг Исроил ва Ҳамас ўртасида сулҳ келишувини қилдиришга муваффақ бўлди. Бу – менинг жамоам музокаралари ва менинг жамоам натижаси”, деди Байден.

Кейин у Америка халқи, америкаликларнинг эркинлик ғоясига содиқлиги ҳақида гапирди. “Америка – дунёдаги энг қудратли ғоя машъаласини ушлаб турган халқдир. Бу ғоя шундаки, биз барчамиз тенг яралганмиз”, – деди Жо Байден.

Байденнинг сўзларига кўра, Америка ғоясига ишониш – эркин жамиятни бошқарувчи институтларни ҳурмат қилиш дегани. Булар – президентлик, Конгресс, судлар, эркин ва мустақил матбуотни ҳурмат қилиш демакдир.

У 4 йиллик президентлик фаолиятига назар ташлаб, Америка тарихидаги энг оғир даврда раҳбар бўлганини айтди.

Мен халқимиз учун энг оғир даврда америкаликларнинг президенти бўлиш мажбуриятини олдим. Вице-президент Камала Ҳаррис менинг ажойиб шеригим бўлди. Асрда бир марта содир бўладиган пандемияни енгиб ўтишга муваффақ бўлдик. Бунда меҳнаткашларнинг матонати, хавфсизлигимизни таъминлаётган ҳарбий хизматчилар ва биринчи ёрдам ходимларининг қаҳрамонлигини, ҳуқуқ ҳимоячиларнинг қатъиятини кўриш мен учун шараф бўлди”, – деди президент.

Байден пандемиядан кейин давлат раҳбарлигини иқтисодий инқироз ҳолатида қабул қилиб олгани, лекин инқирозни жиловлай билгани, 17 миллионга яқин иш ўринларини ярата олганини айтди.

Халқаро сиёсатга тўхталаркан, Байден НАТОнинг обрўйини мустаҳкамлай олгани, Украина учун курашгани сабаб бу давлат ҳалиям эркин экани, Хитой билан рақобатда олдинга ўтганини таъкидлади.

Байден халқи билан хайрлашаркан, ўзининг давлатчиликка зарар келтиради деб ҳисоблаган хавотирларини ҳам очиқлади. Биринчиси бу – Америкада ҳаддан ташқари бой ва бунинг ортидан сиёсатга таъсири юқори бўлиб бораётган олигархлар шаклланаётгани хавотири эди.

“Бугун оқшом сиз билан хайрлашар эканман, баъзи хавотирларимни айтишим керак. Оз сонли ўта бой одамлар қўлида ҳокимият хавфли равишда тўпланмоқда. Бу – бизнинг демократиямиз, эркинлигимиз, ҳуқуқларимизга соя солади. Америка учун бунинг оқибатларини биз аллақачон кўряпмиз. Бир аср аввал Америка ўша вақтдаги қароқчи баронларга қарши курашиб, трастларни йўқ қилганди. Лекин ўшанда бойлар жазоланмади, ишчилар адолат учун курашди. Бу ўрта синф эди. Айнан ўрта синф дунёда бўлмаган тараққиётни олиб келди. Биз худди шундай давом этишимиз керак”, – деди у.

У келгуси йилларда солиқ сиёсатини ислоҳ қилишга ҳам чақирди. Миллиардерларга катта солиқ имтиёзларини бериш эмас, уларни каттароқ солиқ тўлашга мажбур қилиш керак. Чунки ҳам ҳокимият, ҳам бойликнинг айни шахслар қўлида тўпланиши – демократия учун, асосий ҳақ-ҳуқуқларимиз ва эркинликларимиз учун хавф, дейди сиёсатчи.

Демократ ўз нутқида яни икки муаммони тилга олди: иқлим ўзгариши ва ижтимоий тармоқлардаги дезинформация.

Америкаликлар нотўғри ва қасддан бузилган ахборотларга кўмилиб бормоқда. Эркин матбуот синяпти, ижтимоий тармоқлар фактчекингни тўхтатяпти, ҳақиқат ёлғон билан бўғиляпти”, – деди у.

Сўзининг охирида Байден 50 йил Америка халқига хизмат қилиш унинг учун шараф бўлганини қўшимча қилди. Ёнида турган жамоаси ва рафиқасига миннатдорлик билдирди.

Мен Американи яхши кўраман, иймонингизни сақланг”, дея сўзини якунлади АҚШнинг 46-президенти.

Эслатиб ўтамиз, Жо Байден ҳозир 82 ёшда. У – АҚШ тарихидаги энг кекса президент. Иккинчи муддатга номзодини қўйиб, сайловга озгина қолганида номзодликдан воз кечган ягона президент. У илк бор аёл киши вице-президент бўлишига йўл очди, раҳбарлигида эса ўтмишдоши Трампдан фарқли ўлароқ глобал сиёсат юритди. Байден даврида дунёда икки уруш бошланди, иккисида ҳам АҚШ билвосита фаол қатнашди.

Доналд Трампнинг инаугурацияси 20 январ, душанба куни бўлиб ўтади.

Мавзуга оид

Эълонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Yandex Uzbekistan Ўзбекистонда эндиликда бизнес мулоқотларини амалга ошириш учун Юлдуз ва Лола овозларини тақдим этди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Yandex Uzbekistan Ўзбекистонда эндиликда бизнес мулоқотларини амалга ошириш учун Юлдуз ва Лола овозларини тақдим этди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди