Ўзи йўқ, лекин тўлови бор утилизация. Триллионлар қаерга кетяпти?
Метан-шохобчаларда барқарор таъминот бўлмаган, сифатли бензин Америкадагидан ҳам қиммат бўлган Ўзбекистонда электромобиллар аҳолининг муайян қатлами учун ягона алтернатив бўлиб қолаётганди. Электромобиллар учун утилизация йиғимининг ақлга сиғмайдиган даражада оширилиши бу умидларни пучга чиқарди.
Ўзбекистонда экологик транспорт воситаларига ўсиб бораётган талаб нотариф тўсиқлар билан бўғиляпти.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, 2025 йил 1 майдан бошлаб импорт қилинадиган электромобиллар учун утилизация йиғими кескин оширилди. Ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган электромобиллар учун йиғим БҲМнинг 30 баробаридан 120 баробарига ёки 45 миллион сўмгача оширилди. Агар электромобил ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошган бўлса, йиғим БҲМнинг 210 баробари ёки 78,75 миллион сўмни ташкил қилади (ҳозир бу миқдор 90 БҲМга тенг).
Йўқ утилизацияга йиғилган 1,8 триллион қани?
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, биргина 2024 йилнинг январ-сентябр ойларида Ўзбекистонга бензинда ҳаракатланадиган 26 643 дона енгил автомобил, 11 424 дона гибрид автомобил, 16 205 дона электромобил импорт қилинган.
Агар бу даврда мамлакатда олиб кирилган бензинли машиналарнинг ҳаммасини шартли равишда янги бўлган деб ҳисобласак ҳам, утилизация учун энг камида 1 трлн 87 млрд сўм, электромобиллардан энг камида 165 млрд сўм, гибрид машиналардан эса 117 млрд сўм ундирилган.
2024 йилнинг 1 октябридан БҲМ миқдори 340 минг сўмдан 375 минг сўмга оширилди. Шундан келиб чиқилса, ўтган йилнинг 4-чорагида импорт қилинган 6 269 дона бензинда юрадиган енгил автомобилдан энг камида 282 млрд сўм, 7 886 дона электромобилдан 89 млрд сўм, 6056 дона гибрид автомобилдан 68 млрд сўм йиғилган бўлиши мумкин.
Умумий ҳисобда эса 2024 йилда биргина утилизациянинг ўзи учун импорт енгил автомобиллардан камида 1,8 трлн сўм олинган бўлиши керак. Бу рақам энг минимал кўрсаткичлардан келиб чиқиб ҳисобланган бўлиб, реаллик бундан каттароқ суммани ташкил этиши мумкин.
Маълумот учун, гибрид автомобилларни импорт қилишда айрим моделлар учун бензинли машиналар каби двигател ҳажмидан келиб чиқиб, айримларига эса худди электромобиллар каби йиғим ундирилган. Шу жиҳатдан, ҳисоблашда автомобилларининг тури номаълум бўлгани учун энг кам миқдор олинди.
Шу пайтгача давлат бюджети бўйича очиқ ҳисоботларда утилизация йиғимидан тушумлар ҳам, агар нимадир иш қилинган бўлса, харажатлар ҳам бирон марта очиқланмаган.
“Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар” чиқарган машиналар табиатни ифлослантирмайдими?
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилдаги 327-сонли қарорида транспорт воситасини Ўзбекистонга импорт қиладиган ёки мамлакат ҳудудида ишлаб чиқариб сотадиган жисмоний ва юридик шахслар утилизация йиғими тўловчилари ҳисобланиши аниқ белгилаб қўйилган.
Масалан, UzAuto Motors ўтган 2024 йилда Ўзбекистонда 353 730 дона автомобил сотган. Шунга кўра, монополистдан бюджет фойдасига қуйидаги миқдорларда утилизация йиғими ундирилиши мумкин эди:
- Cobalt учун (127 240 дона сотган) БҲМ миқдорини шартли 340 минг деб олсак ҳам – 5 трлн 191 млрд сўм;
- Damas учун (106 минг дона) – 1 трлн 81 млрд сўм;
- Tracker учун (37 903 дона) – 1 трлн 546 млрд сўм;
- Onix учун (33 644 дона) – 1 трлн 373 млрд сўм;
- Labo учун (25 319 дона) – 258 млрд сўм;
- Lacetti учун (18 327 дона) – 747 млрд сўм;
- Equinox учун (2314 дона) – 94 млрд сўм;
- Malibu учун (1489 дона) – 60 млрд сўм;
- Captiva учун (798 дона) – 32 млрд сўм;
- Traverse учун (517 дона) – 52 млрд сўм;
- Tahoe учун (178 дона) – 18 млрд сўм.
Kun.uz'нинг ҳисоб-китобларига кўра, UzAuto Motors 2024 йилда утилизация учун 10 трлн 452 млрд сўмдан кўпроқ маблағни давлат ҳисобига ўтказиши керак эди, агар... Агар компанияга яширин қарорлар билан утилизация йиғимини тўламаслик имтиёзи берилмаганида. Қайд этиш лозим, компанияда бундай имтиёз борлигини тасдиқлашнинг имкони йўқ – масъуллар бу ҳақдаги саволларни жавобсиз қолдириб келади.
Таъкидлаш керакки, агар UzAuto Motors'га масалан бугун 10,5 триллион сўмга яқин утилизация йиғимини тўлаб қўйиш мажбурияти қўйилса, компаниянинг молиявий аҳволи қай даражага келиб қолишини фақат тасаввур қилиш мумкин.
Солиқ қўмитасининг Kun.uz'га маълум қилишича, UzAuto Motors'нинг 2024 йил январ-октябр ойларидаги солиқ тўловлари 2 трлн 893,7 млрд сўмни ташкил қилган:
- қўшилган қиймат солиғи 1 трлн 763,8 млрд сўм;
- юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи – 858,1 млрд сўм;
- жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи – 143,8 млрд сўм;
- юридик шахсларнинг мулк солиғи – 6,2 млрд сўм;
- юридик шахслар ер солиғи – 4,2 млрд сўм;
- бошқа тўловлар – 117,6 млрд сўм.
Электромобил савдоси бўйича мамлакатда пайдо бўлиши мумкин бўлган бошқа бир потенциал монополист –BYD Uzbekistan ҳам утилизация йиғими тўламасдан автомобил олиб кириш ваколатига эга.
Ўз-ўзидан савол пайдо бўлади, утилизация йиғимини жорий этишдан асл мақсад нима эди: экологияни асрашми ёки импортни сунъий қимматлаштириш ва маҳаллий автомонопол компанияларни ҳимоя қилиш?
Отнинг калласидек йиғим йиғилаётган бўлса-да, амалда электромобил харидорларига, масалан, машинасининг аккумулятори ишдан чиққанда янгисига алмаштириш учун субсидия ёки харажатининг маълум қисмини қоплаб бериш каби янгиликлар бўлгани йўқ. Импортёрлар ва истеъмолчилар нима учун шунча пул тўлаётганини ўзлари ҳам билишмайди.
Бошқа мамлакатларда ҳам утилизация йиғими борми?
Кўп жиҳатдан ўхшаш бўлган Россия ва Қозоғистонда ҳам худди Ўзбекистонда бўлгани каби, утилизация йиғими импортни қимматлаштириш орқали маҳаллий автосаноатни қўллаб-қувватлаш воситаси ҳисобланади.
Бу мамлакатлар ЖСТга аъзо бўлгандан кейин божхона тўловларини пасайтиришга мажбур бўлишди, аммо ички бозорни ҳимоя қилиш асносида “экологик солиқ”ни нисбатан юқори ставкаларда ўрнатишган.
Эътиборлиси, қўшни Қозоғистонда электромобиллардан утилизация йиғими олинмайди. Бензинда юрадиган янги машиналар учун бу миқдор қуйидагича:
- двигател ҳажми 1000 см кубгача бўлган автомобиллар учун – 294 900 тенге (7,4 млн сўм);
- двигател ҳажми 1000-2000 см кубгача бўлган автомобиллар учун – 603 750 тенге (17,3 млн сўм);
- двигател ҳажми 2000-3000 см кубгача бўлган автомобиллар учун – 862 500 тенге (24,7 млн сўм);
- двигател ҳажми 3000 см кубдан ортиқ бўлган автомобиллар учун – 1 983 750 тенге (56,8 млн сўм);
Европа мамлакатларида эса утилизация тўлови автомобилнинг тури, ёши ва ҳолатига қараб ўзгаради. Жумладан, йиғим миқдори Германияда тахминан 100 евродан 200 еврогача, Францияда 50 евродан 150 еврогача, Буюк Британияда эса 100 фунтдан 150 фунтгача бўлиши мумкин.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, совуқ тушиши билан газга километрлик навбат пайдо бўладиган, сифатли бензин АҚШдагидан ҳам қиммат бўлган Ўзбекистонда электромобиллар ягона алтернатив бўлиб қолаётганди. Аммо экологиядан кўра маҳаллий автомонопол компанияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида утилизация йиғимининг ақлга сиғмайдиган даражада оширилиши бу умидларни пучга чиқарди.
Достон Аҳроров,
Kun.uz
Мавзуга оид
![](https://storage.kun.uz/source/thumbnails/_medium/11/vjdPj3RNfmDVSGX4yddsGPYOcbUY-Zcw_medium.jpg)
00:22 / 09.02.2025
Қисилган электромобил бозори, ер ажратиш ва қурилишда янги тартиблар — ҳафта дайжести
![](https://storage.kun.uz/source/thumbnails/_medium/11/a75-IbgypoLB7cQXffvUOdDYgnU9UVuD_medium.jpg)
13:29 / 08.02.2025
“Утилизация қарори ортидан Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлолмайди” – экспертлар билан суҳбат
![](https://storage.kun.uz/source/thumbnails/_medium/11/3Tinfq8uRjfrYmqavPEt-QGB_oiEZKUs_medium.jpg)
17:14 / 05.02.2025
“BYD Uzbekistan учун навбатдаги совға”. Иқтисодчилар – утилизация йиғимининг каррасига оширилиши ҳақида
![](https://storage.kun.uz/source/thumbnails/_medium/11/_ns7ErbQEJzPXu2eeCje5kQ7cVTDZ-In_medium.jpg)
23:24 / 04.02.2025