Ўзбекистон | 11:17 / 07.02.2025
31331
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта охирида ёғингарчилик кутилмоқда

Шанба куни Ўзбекистонга нам ҳаво кириб кела бошлайди, қатор ҳудудларда ёмғир ёғади. Якшанба куни аксарият жойларда ёмғир ва қор ёғиши кутилмоқда.

8 февралдан Ўзбекистон ҳудудига нам ҳаво кириб келиши бошланади, дея хабар бермоқда «Ўзгидромет» агентлиги.

Жума куни Ўзбекистонинг барча ҳудудлари бўйича қуруқ ва жуда илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Кундуз кунлари ҳаво +13…+18 даражагача исийди. Фақат республика шимолида ҳаво ҳарорати +2…+7 даражадан юқори бўлмайди.

Шанба куни Ўзбекистон ҳудудига нам ҳаво кириб келиши бошланади. Баъзи жойларда ёмғир ёғади, фақат Қорақалпоғистон ва Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Хоразм вилоятида ва чўл ҳудудларда ёмғир қорга айланиши мумкин.

Ҳудуднинг катта қисмида ҳаво ҳарорати юқори бўлиши сақланиб туради, фақат республика шимолида ҳарорат –3…+2 даражагача пасаяди.

Якшанба куни республиканинг кўпчилик вилоятларида кечаси ва эрталаб баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Кундуз кунлари ҳаво ҳарорати +5…+10 даражагача пасаяди, шимолда −3…+2 дараджа атрофида бўлади.

Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7–12 метр/сония тезликда эсади, айрим жойларда 15–20 метр/сониягача кучайиши мумкин.

Тошкент шаҳрида жума куни ёғингарчилик кутилмайди, шанба куни бироз ёмғир ёғиши мумкин. Якшанба куни кечаси ва эрталаб ёмғир ёғади ва у қорга айланиши мумкин, кундузи ёғингарчилик кутилмайди.

Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 3–8 метр/сония тезликда эсади. Ҳарорат кечалари асосан +2…+6 даража, кундуз кунлари 7–8 феврал кунлари +13…+16 даража, 9 февралда +8…+10 даража бўлади.

Мавзуга оид