Жаҳон | 18:21 / 08.02.2025
2067
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Исроилга 7,4 млрд долларлик қурол сотишни маъқуллади

Хусусан, Қўшма Штатлар Исроилга AGM-114 Hellfire ракеталарини, JDAM авиабомбалари ва ўқ-дорилар етказиб беради.

Фото: Getty Images

АҚШ президенти маъмурияти Исроилга 7,4 миллиард сўмлик қурол сотишни маъқуллади, деб хабар беради Anadolu Ajansi.

Пентагоннинг Мудофаа хавфсизлиги соҳаси бўйича ҳамкорлик агентлиги томонидан Конгрессга йўлланган хабарномада келтирилишича, АҚШ Давлат департаменти Исроилга 7,4 миллиард долларлик қурол сотишни маъқуллаган.

Хусусан, АҚШ томони Исроилга 660 миллион долларга AGM-114 Hellfire ракеталарини, шунингдек, 6,75 миллиард долларга бомбалар, ўқ-дорилар, кузатув воситалари, ракета ва ёрдамчи ускуналарни етказиб беради.

Шунингдек, Исроилга кичик диаметрга мўлжалланган 2166 та бомба, оғирлиги 500 фунтни ташкил этадиган 2800 та «фугас» бомбалари, 13 мингта JDAM авиабомбалари, минглаб бомбалар ва турли тоифадаги нишонни аниқловчи тизимларни сотади.

«Таъкидлаш керакки, АҚШ маъмуриятининг мазкур ташаббуси Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Вашингтонга ташрифи вақтига тўғри келди. Агар 15 кун ичида АҚШ Конгресси савдони блокловчи бирор эътирозни билдирмаса, савдони маъқуллаш жараёни якунланган ҳисобланади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер бергани учун жавоб тариқасида Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС)га қарши санкциялар жорий этиш ҳақидаги фармонни имзолаганди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид