Жаҳон | 01:25 / 20.02.2025
2899
2 дақиқада ўқилади

Дания мудофаа учун қўшимча 17 млрд доллар ажратади

Харажатларнинг ошиши жорий ва кейинги йилда Дания мудофаасига мамлакат ЯИМнинг 3,2 фоизи сарфланишини англатади.

Фото: Getty Images

Дания ҳукумати мудофаа эҳтиёжлари учун қўшимча 120 миллиард крона (17 миллиард доллар) сарфлаш ниятида. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Троэлс Лунн Поулсенга таяниб, Bloomberg хабар берди.

Дания ҳукуматининг режалари ҳақида АҚШ президенти Доналд Трамп Европа давлатларидан мудофаа харажатларини оширишни талаб қилганидан кейин маълум бўлди.

Вазирнинг сўзларига кўра, харажатларнинг ошиши жорий ва кейинги йилда Дания мудофаасига мамлакат ЯИМнинг 3,2 фоизи сарфланишини англатади. Бундан ташқари, мамлакатда анъанавий тендерлардан воз кечган ҳолда қуроллар сотиб олишни тезлаштириш ва Қуролли кучларга маблағларни нимага сарфлашни мустақил ҳал қилиш имкониятини бериш режа қилинмоқда.

«Сотиб ол, сотиб ол, сотиб ол. Мудофаамизни ҳозир кучайтириши мумкин бўлган нарсаларни сотиб ол ва шу орқали бизнинг тутиб туриш имкониятимизни яхшила. Энг яхшисини сотиб ололмасанг, сифат бўйича иккинчисини харид қил», — дейди мудофаа вазири билан бирга чиқиш қилган бош вазир Метте Фредериксен.

Январ охирларида Дания ҳукумати Арктика ва Шимолий Атлантикадаги мудофаа мақсадларига, жумладан, Гренландия ҳимояси учун 1,66 миллиард доллар инвестиция киритмоқчи экани маълум қилинганди. Дания дронлар сотиб олиш ва қўшимча сунъий йўлдош имкониятига сармоя киритиш ниятида. Шунингдек, мамлакат тўртта Thetis партул кемасини қуролланишга қабул қилишни режалаштирган. 

Мавзуга оид