Жаҳон | 10:17 / 25.02.2025
6345
2 дақиқада ўқилади

Путин Трампнинг мудофаа бюджетларини қисқартириш ғоясини қўллаб-қувватлади

Владимир Путин Россиянинг ҳарбий бюджетини қисқартиришга тайёрлигини айтди. Аввалроқ Доналд Трамп Россия, АҚШ ва Хитой учун уни 50 фоизга камайтиришни таклиф қилган эди.

Фото: Михаил Метцель / РИА Новости

Россия президенти Владимир Путин АҚШ президенти Доналд Трампнинг Россия, АҚШ ва Хитойда мудофаа харажатларини икки баравар камайтириш таклифини қўллаб-қувватлади ва ўз мамлакатининг ҳарбий бюджетини қисқартиришга тайёрлигини айтди.

«Аммо биз Қўшма Штатлар билан келишувга эришишимиз мумкин эди, биз бунга қарши эмасмиз. Менимча, бу ғоя яхши: Қўшма Штатлар 50 фоизга, биз эса 50 фоизга қисқартирамиз. Ва агар хоҳласа, Хитой Халқ Республикаси ҳам қўшилади. Бизнинг фикримизча, таклиф яхши ва бу масала бўйича муҳокамаларга тайёрмиз», деди Путин ВГТРК телеканалига берган интервюсида.

Трамп Россия ва Хитой билан ядро қуроли, мудофаа бўйича музокаралар олиб бормоқчи

Феврал ойи ўрталарида АҚШ президенти Россия ва Хитой билан ядровий қуролларни назорат қилиш ва ҳар уч давлатнинг ҳарбий бюджетларини қисқартириш бўйича музокаралар олиб бориш истагида эканлигини айтди.

«Ҳаммасини ҳал қилганимизда, мен ўтказмоқчи бўлган биринчи учрашувлардан бири бу Хитой раиси Си (Жинпинг) ва Россия президенти (Владимир) Путин билан бўлади. Мен ҳарбий бюджетимизни ярмига қисқартирайлик, деб айтмоқчиман», деди у.

Трампнинг қўшимча қилишича, мамлакатлар «янги ядро қуролларини ишлаб чиқишлари шарт эмас», чунки «бизда у етарли даражада кўп. «Биз ҳаммамиз кўп пул сарфлаймиз, биз уни бошқа нарсалар учун ишлатишимиз мумкин, бу, умид қиламанки, янада самаралироқ бўлади», деди сиёсатчи.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид