Жаҳон | 14:20
1311
6 дақиқада ўқилади

Трамп Нетаняҳудан нега норози?

Дунё иқтисодиёти ҳали ҳам АҚШ–Эрон урушининг асири бўлиб қолмоқда. Ҳўрмуз бўғози ёпиқ, ва очилишидан дарак йўқ. Трампнинг асосий уринишлари – дипломатияга қаратилган. У бисотидаги энг оғир таҳдидлар, ғазабнок постларни ёғдираётган бўлса-да, асосий муддао – Теҳрон билан келишув экани кўриниб турибди. Чунки охирги уч ойда катта уруш бўлмади.

Уруш кўпроқ иқтисодий ўзанда кетмоқда. Эроннинг билгани – Трамп катта қуруқлик операцияси ўтказмайди, ўтказа олмайди.

Демак, келишув излашдан бошқа чора йўқ. Албатта, Трамп ўзининг мағлубиятини тан олмайди, лекин бутун дунё унинг режаси амалга ошмаганига гувоҳ бўлди. Трамп қанчалик музокара ва муроса излаётган бўлса, бир давлат борки, уруш тўхтаб қолганидан шунчалик норози. Бу – Исроил.

Исроилнинг Ливанга ҳужумлари, ҳарбий юришлари дунё матбуотидаги энг асосий воқеа бўлиб қолмоқда. Трамп қанчаллик Эрон билан келишув изласа, Исроил шунчалик Ливанга қақшатқич ҳужумлар қилди. Мақсад – Ливан орқали, “Ҳизбуллоҳ” орқали Эроннинг жаҳлини чиқариш ва АҚШ–Эрон келишувларини бузиб ташлаш.

Хўш, Исроил нимадан норози, нимадан қўрқмоқда? Ахир агар АҚШ Эрон билан келиша олмаса, дунё иқтисодиётига катта зарар бўлади-ку? Трамп ва унинг республикачилар партияси ўз мавқейини йўқотади-ку? Глобал майдонда АҚШ янада обрўйсизланиб, бу Исроилга ҳам билвосита салбий таъсир қилади-ку?

Йўқ, Исроил элитаси ундай деб ўйламайди. Исроилнинг нуқтайи назари унинг сиёсатчилари, экспертлари ва фаолларининг ОАВдаги чиқишларидан маълум. Исроилнинг қарашлари қуйидагича.

Биринчидан, АҚШ – иқтисодий ва демографик жиҳатдан жуда қудратли давлат. Ўн минглаб аскарларнинг ўлиши – бу давлатнинг заифлашиб қолишига, синишига олиб келмайди. Мисол учун, АҚШ Виетнамда ютқазди, Афғонистон ва Ироқда тўлиқ ғалаба қозона олмади. Лекин бу урушлар АҚШнинг глобал қудратини демонтаж қилмади. АҚШ иқтисодий, ҳарбий, демографик жиҳатдан барибир қудратли давлат бўлиб қолаверади. Шунинг учун АҚШ Эронга катта уруш қилса, ҳа, зарар кўради, лекин йиқилмайди. Бироқ АҚШ тўлақонли уруш қилса, бу Эроннинг йиқилишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун Исроил АҚШ Эронга қарши тўлақонли уруш қилишини орзу қилиб қолаверади. Трамп, республикачиларнинг репутацияси, маблағлар ва америкалик аскарларнинг ўлими – Исроил учун асосий омиллар эмас.

Иккинчидан, АҚШ ва Исроилнинг ҳужуми сабаб Эрон Ҳўрмуз бўғозини ўзининг тўлиқ ва расмий назоратига олмоқда. Бу – Исроил учун энг нохуш сценарий. Сабаби оддий: Эрон Ҳўрмуз бўғозини ўзининг расмий назоратига олар экан, Теҳрон дунё давлатларига, жумладан АҚШга ҳам чексиз босим ўтказа олади. Жумладан, худди ҳозирги Ливанга ҳужумлар сабаб, Исроилга АҚШ босим қилишини одатий инструментга айлантириб олиши мумкин.

28 февралидаги урушга қадар Яқин Шарқда ҳамма Исроилни асосий агрессив қудрат сифатида кўрган бўлса, Ҳўрмуз бўғози орқали Эроннинг минтақавий ва глобал мақоми ўзгаради. АҚШнинг иттифоқчилари бўлган араб давлатлари ҳам Эрон билан кўпроқ ҳисоблашиб бошлайди. Демак, Исроил минтақавий гегемонликни йўқотиб бошлаяпти. Шу сабаб, “ва-банк” қилиб, АҚШни Эрон билан урушга тўқнаштириш – Исроилнинг бугунги кундаги энг катта орзуси. Бироқ Трамп Нетаняҳуга бу сафар нафақат йўқ деди, балки Ливандаги уруш сабаб Исроил бош вазирини сўкиб ҳам берди.

Трамп ва Нетаняҳунинг кейинги вақтлардаги совуқ муносабатлари АҚШ-Исроил стратегик иттифоқчилигига соя солиши мумкинми? Йўқ, бу икки давлат ўртасидаги алоқалар жуда қалин ва ҳозирча мустаҳкам. Бу алоқалар Трамп ва Нетаняҳу муносабатларига асосланмаган. Бу иккаласи ҳокимиятдан кетганида ҳам, икки давлатни бирлаштириб турувчи сиёсий синф, ташкилотлар, шахслар жуда кўп ва улар жуда қудратли.

Бироқ, бутун дунёдаги каби, АҚШда ҳам, Исроилга бўлган ишонч тезда сўниб бормоқда. Бугун Европа Иттифоқчи жамоатчилик фикри ва ҳукуматлари, Исроил эмас, кўпроқ Фаластин тарафида. Яқинда Европа Иттифоқида “Eurovision” мусиқа танлови бўлиб ўтди. Бу сафар танловда Исроил қатнашгани учун 5-6 та муҳим давлатлар уни бойкот қилди. Жумладан, бу конкурснинг асосчиларидан бири бўлмиш Испания ҳам “Биз Исроил чиққан саҳнага чиқмаймиз!” дея, катта норозиликлар билдириб, мусиқа фестивалида иштирок этмади.

АҚШда ҳам жамоатчилик фикри ўзгариб бошлаган. Ҳам демократлар, ҳам республикачилар ўртасида Исроилни қўллаб-қувватлаш даражаси пасайиб боряпти. Оддий америкаликлар ҳам Исроилдан кўра Фаластинга кўпроқ ишонишини айтишмоқда. Мана шу фонда, Исроил урушлар орқали, геноцидлар орқали, АҚШ–Эрон музокараларини бузиш орқали ўзининг катта лойиҳаларини амалга ошириш йўлидан бормоқда. Трамп Нетаняҳуга телефон орқали “бутун дунё сиздан нафратланмоқда” деганда айнан шуни назарда тутгани аниқ.

Трампнинг босими сабаб Нетаняҳу Ливандаги урушни тўхтатди. Бироқ Исроил давлатчилиги АҚШ–Эрон келишувини бузиш учун қулай пайт пойлайди, аммо асло бу келишувга рози бўлмайди. Чунки Исроил Эрон билан ҳар қандай келишувларни ўзининг гегемонлиги учун таҳдид деб билади. Демак, минтақада тинчлик ўрнатилиши қийин, ўрнатилганда ҳам узоққа чўзилиши қийин...

Камолиддин Раббимов
Муаллиф Камолиддин Раббимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид