Жаҳон | 21:10 / 01.03.2025
8578
2 дақиқада ўқилади

Исроил Суриядаги Россия базаларининг сақлаб қолинишини истамоқда

Исроилликлар Туркиянинг минтақадаги таъсири кучайишини истамаяпти.

Фото: Reuters

Исроил Туркиянинг таъсири кучайишига йўл қўймаслик учун Сурияда Россия ҳарбий базалари сақлаб қолинишини истамоқда. Бу ҳақда Reuters манбаларга таяниб хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Исроил расмийлари Вашингтонга Анқара томонидан қўллаб-қувватланаётган Суриянинг янги расмийлари Исроил чегараларига таҳдид солиши мумкинлигини айтган.

«Исроилнинг энг катта қўрқуви шундаки, Туркия Суриянинг янги раҳбариятини ҳимоя қилади ва у охир-оқибат ҲАМАС ва бошқа жангарилар учун базага айланиши мумкин», деди АҚШ Century International тадқиқот маркази ходими Арон Лунд.

Масалан, аввалроқ, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Сурия жанубида «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» (ХТШ) кучларининг жойлашишига тоқат қилмаслигини айтди. Шунингдек, ҳудудни демилитаризация қилишни талаб этди.

Агентлик манбаларига кўра, Исроил Сурияни «заиф ва марказсиз» ҳолатда сақламоқчи. Шунингдек, Россияга Суриядаги ҳарбий базаларини сақлаб қолишга рухсат бериш ғояси ҳам бор. Москва Башар Асад режими қулагандан кейин базалари устидан назоратни йўқотган. Сурияда Россиянинг иккита базаси бор: Тартусдаги денгиз порти ва Хмеймим авиабазаси.

АҚШ Исроил таклифини қабул қиладими ёки йўқми номаълум. Таъкидланишича, Исроилда Оқ уй қарорига таъсир ўтказиш имконияти бор, чунки Трамп маъмурияти «Исроилнинг ашаддий тарафдори» ҳисобланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид