Жаҳон | 22:56 / 24.03.2025
1575
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Каролинада ўрмон ёнғинлари кузатилмоқда

Ёнғин қарийб 1,6 минг гектар майдонга ёйилган. Штатнинг баъзи округларида ихтиёрий эвакуация эълон қилинган.

Фото: Allison Joyce

Қуруқ об-ҳаво ҳамда кучли шамол оқибатида ўтган дам олиш кунлари Шимолий Каролина штатида икки ўрмон ёнғини жами 4 минг акр (1,6 минг гектар) майдонга ёйилди, деб хабар беради The New York Times.

Қайд этилишича штатнинг баъзи округларида Жамоат хавфсизлиги бошқармалари ихтиёрий эвакуация эълон қилган. Маҳаллий ҳокимият аҳолини ёнғин тутуни сабабли йўлларда кўрувчанлик чекланган ҳақида огоҳлантириб, ҳайдовчилардан янада эҳтиёткор бўлишни сўрамоқда.

Ёнғинга қарши Шимолий Каролина ва бошқа штатлардан келган 250 га яқин ўт ўчирувчи курашяпти. Энг мураккаб вазият штат ғарбида жойлашган Полк округида кузатилмоқда. У ерда 20 мингга яқин одам яшайди, штат расмийлари ушбу округда аланганинг тарқалиши сабаб «қизил» хавф даражасини эълон қилган.

Маҳаллий ўрмон хўжалиги бошқармаси аллақачон штатдаги барча ўрмонларда гулхан ёқишга тўлиқ тақиқ жорий этган. «Бизнинг асосий вазифамиз – аҳоли ҳаёти ва соғлиғини, хусусий, штат ва федерал мулкларни ҳамда ўрмон массивларини ҳимоя қилишдир», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, январ бошларида Лос-Анжелес округида ёнғинлар бошланган эди. Ушбу ёнғинлар оқибатида камида 28 киши ҳалок бўлган, 16 мингга яқин иншоот ёниб кетган ёки шикастланган, 180 минг киши эвакуация қилинганди. Ёнғинлар етказган зарар 250 миллиард долларга баҳоланган.

 

Мавзуга оид