Жаҳон | 21:54 / 02.04.2025
4454
3 дақиқада ўқилади

Исроил ва АҚШ Эроннинг ядровий объектларига зарба беришга тайёрланмоқда — ОАВ

АҚШ билан шериклик муносабатларига эга Форс кўрфази давлатлари уларга мазкур операцияда ёрдам бериш ниятида эмас.

Фото: Getty Images

АҚШ ва Исроил Эронга унинг ядровий дастури сабаб зарба беришга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда сиёсий, ҳарбий ва дипломатик доиралардаги юқори мартабали манбаларига таяниб, Daily Mail хабар берди. АҚШ билан шериклик муносабатларига эга Форс кўрфази давлатлари уларга мазкур операцияда ёрдам бериш ниятида эмас, Эрон эса ҳужумларни қайтариш учун ракеталарини тайёрламоқда.

Исроил ҳукуматидаги манбанинг айтишича, Теҳроннинг ядровий қурол яратиш устидаги ишларини аллақачон тўхтатиш керак бўлган, энди эса якуний чора кўриш вақти келган. Дипломатик манбанинг сўзларига кўра, «Исроил нуқтаи назаридан, Доналд Трампнинг Оқ уйга қайтиши Эрон муаммосини ҳал этиш учун энг қулай фурсатдир». «Бундан яхшироқ имконият бўлмайди», — дейди у.

Эрон бир неча бор ядровий қурол ишлаб чиқариш ниятида эмаслигини маълум қилган. Аммо МАГАТЭ маълумотларига кўра, у бундай имкониятга яқинлашган: мамлакатда 60 фоизгача бойитилган уран мавжуд бўлиб, улар 90 фоизгача бойитилса, олтита атом бомасини ишлаб чиқаришга етади.

Трамп 4 феврал куни миллий хавфсизлик хавотирлари сабаб Эронга максимал босим ўтказиш кампаниясини эълон қилганди. Мартда у мамлакат олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаийга мактуб йўллаб, икки ой ичида ядровий дастур бўйича янги битим тузишни талаб қилди. «Биз улар ядровий қуролни қўлга киритишларига йўл қўя олмаймиз. Тез орада нимадир бўлиши керак. Мен бошқа вариант ўрнига тинчлик битимини афзал кўраман, аммо бошқа вариант муаммони ҳал этади», — деганди Трамп.

Март охирларида Эрон ўзининг «тез ривожланаётган» ядровий дастури бўйича АҚШ билан тўғридан тўғри музокаралар ўтказишдан бош тортганди. Мамлакат президенти Масъуд Пизишкиён Эрон ҳеч қачон музокаралардан қочмаганини таъкидлаб, АҚШни олдинги мажбуриятларини бажармаганликда, жумладан, Трампнинг биринчи президентлик муддати даври — 2018 йилда ядровий келишувдан чиқишда айблаган эди.

Мавзуга оид