Жаҳон | 18:07 / 29.06.2025
3331
2 дақиқада ўқилади

Туркияда ўрмон ёнғинлари сабаб ўнлаб аҳоли пунктлари эвакуация қилинди

Ёнғинларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш бўйича тергов бошланган. Ҳолатга алоқадорликда гумонланиб 17 киши қўлга олинган.

Фото: ntv.com.tr

Туркия шимоли-ғарбида бир неча кундан бери кенг кўламли ўрмон ёнғинлари давом этмоқда. Ҳозирга қадар юзлаб одам эвакуация қилинди, деб хабар беради Казинформ.

Мамлакат қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Иброҳим Юмаклининг сўзларига кўра, 153 та ёнғин ўчоғи қайд этилган, уларнинг 83 таси кеча аниқланган. Айни вақтда 8 та фаол ёнғин ўчоғини ўчириш ишлари давом этмоқда, уларнинг тўрттаси қисман ўчирилган.

Сакаря ва Билежик минтақалардаги 16 та аҳоли пункти эвакуация қилинган. Юмаклининг айтишича, эвакуация чоралари фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ўт ўчириш хизматлари ишини енгиллаштириш мақсадида амалга оширилган.

Вазир бундай кенг кўламли ёнғинларнинг келиб чиқиш сабабини аниқлаш бўйича тергов бошланганини маълум қилди. Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида 17 киши қўлга олинган.

Ҳодиса жойидан олинган кадрлар етказилган зарар кўлами кенглигини кўрсатмоқда: ўрмон ва уйлар ёниб кетган, тутун эса осмонни қоплаган. Юзлаб одамлар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Фуқаролик мудофааси хизмати, ўт ўчирувчилар ва кўнгиллилар ноқулай об-ҳаво шароити ва кучли шамолга қарамай, ёнғинга қарши курашни давом эттирмоқда. Ҳукумат фуқароларни хотиржамликни сақлашга, хавфсизлик чораларини кўриш ва расмий хабарларни кузатишга чақирмоқда.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид