Ўзбекистон | 13:44 / 02.07.2025
1370
2 дақиқада ўқилади

Заргарлик соҳасини қўллаб-қувватлашга 100 млрд сўм ажратилади

Президент қарори билан заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Ҳужжатнинг асосий мақсадлари:

  • қимматбаҳо металларни қайта ишлашнинг йиллик ҳажмини 7 тоннага, заргарлик буюмларини экспорт қилиш кўрсаткичларини 300 млн АҚШ долларига етказиш;
  • қимматбаҳо металлар ва заргарлик буюмларининг норасмий айланмасини камида 50 фоизга қисқартириш;
  • заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш фаолиятини саноат даражасига олиб чиқиш, жумладан халқаро бозорларда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш;
  • заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш соҳасида самарали назорат тизимини жорий этиш.

Хусусан, соҳани қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан 100 млрд сўм ажратилади.

2025 йил 15 июлдан бошлаб:

  • лизинг ташкилотлари ажратилган кредит линияси ҳисобидан заргарлик саноатида ишлатиладиган асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмларни 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 йилгача муддатга МБнинг асосий ставкасида, фоизларни қарздорлик қолдиқ қисмига ҳисоблаш тартибида лизингга беради;
  • белгиланган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлари, бутловчи буюмлар ва сарфлов воситалари 2028 йил 1 июлгача божхона божидан озод этилади;
  • «Навоий КМК» АЖ ва «Олмалиқ КМК» АЖ томонидан қимматбаҳо металларни тўғридан-тўғри шартнома асосида ва кечиктириб тўлаш шарти билан сотиш тартиби 2030 йил 1 январгача узайтирилади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид