Жаҳон | 08:12 / 06.07.2025
4886
4 дақиқада ўқилади

Парижда 100 йиллик тақиқдан кейин Сенада чўмилишга рухсат берилди

Дарёни тозалаш ишларига 1,4 миллиард евродан ортиқ маблағ сарфланди.

Фото: ULIEN DE ROSA/AFP via Getty Images

Парижда 1923 йилдан бери амал қилиб келган тақиқ бекор қилинди – Сена дарёси оммавий сузиш учун қайта очилди. Бунга 2024 йилдаги Олимпия ўйинлари арафасида амалга оширилган кенг қамровли экологик ислоҳотлар ёрдам берган.

100 йиллик тақиқ тугади

Сена дарёсида оммавий сузиш 1923 йилда ман этилган эди. Бунга дарёдаги юк ташувчи ва сайр кемалари ҳаракати, шунингдек, сув сифати билан боғлиқ экологик муаммолар сабаб бўлган. Ҳатто сузиш бўйича анъанавий Рождество мусобақалари ҳам Иккинчи жаҳон уруши даврида тўхтатилган.

Фақат 1988 йилда Франциянинг ўша пайтдаги президенти Жак Ширак бу масалани қайта кўтарди ва сузишни тиклаш учун босқичма-босқич иш олиб боришга чақирганди. Шундан бери Сена сувини тозалаш бўйича кенг кўламли чоралар амалга оширилди.

Олимпиада олдидан катта инвестиция

2024 йил ёзидаги Париж Олимпиадаси арафасида Сена дарёсини экологик тоза ҳолга келтириш учун 1,4 миллиард евродан ортиқ маблағ сарфланди. Тоза сув учун тайёрланган махсус ҳудудларда триатлон ва очиқ сувда сузиш бўйича мусобақалар ўтказилди.

Жамоат учун учта махсус ҳудуд

Сузиш учун Сена бўйлаб учта махсус жамоат ҳудуди ажратилди:

  1. Эйфел минораси яқинида
  2. Нотр-Дам собори ҳудудида
  3. Шаҳарнинг шарқий қисмида

Ушбу жойларда махсус кийиниш хоналари ва душлар бўлиб, ҳар бир ҳудудда бир вақтда 300 нафаргача одам чўмилиб, дам олиши мумкин.

Сузиш майдончалари август ойи охиригача муайян соатларда бепул ишлайди. Ёш чегараси ҳудудга қараб 10 ёки 14 ёшдан бошланади. Ҳар бир ҳудудда хавфсизликни таъминлаш учун қутқарувчилар навбатчилик қилади.

Қайта тиклашга нега шунча вақт кетди?

XX асрда Париж аҳолиси кескин ошди, саноат миқёси кенгайди ва натижада Сенадаги сув сифати кескин ёмонлашди. Асосий муаммолардан бири сифатида XIX асрда қурилган канализация тизими тилга олинади: бу тизимда ошхона ва ҳожатхоналардан чиқадиган сувлар сув тозалаш иншоотларига юбориларди. Ёғингарчилик вақтида эса тизимдаги ортиқча сув Сенага тўғридан тўғри тушарди.

Сўнгги 20 йил ичида амалга оширилган лойиҳалар дарёдаги ифлослик, айниқса, инсон ахлатии билан боғлиқ бактериялар миқдорини анча пасайтиришга ёрдам берди.

Олимпиададан аввалги шубҳалар

2024 йил ёзидаги Олимпиада арафасида дарёни тозалаш ишларига 1,4 миллиард евродан ортиқ маблағ сарфланди. Айнан шу кескин чора-тадбирлар туфайли дарё сузиш учун яроқли ҳолга келгани таъкидланмоқда.

Аммо ўшанда Сена суви ҳали ҳам тўлиқ тозаланмагани ҳақида шубҳалар пайдо бўлганди. Кучли ёмғирлар оқибатида дарё суви сифати ёмонлашиб кетган ва спортчилар тўлиқ тайёргарлик кўра олмаган.

Шунинг учун Париж шаҳри мэри ва Олимпиада ташкилотчилари ўтган йили ёзда оммавий сузиш ҳудудини шахсан синаб кўриш учун дарёга тушиб, унинг хавфсизлигини кўрсатишга ҳаракат қилишди.

Янги эра бошланди

6 июл, шанба куни соат 08:00 да (Париж вақти), ўнлаб одамлар биринчи бўлиб расман рухсат берилган вақтда дарёга тушишди. Ушбу воқеа нафақат экологик ислоҳотлар самараси, балки Париж Олимпиадасининг муҳим мероси сифатида баҳоланмоқда.

Сенада оммавий сузиш қайта тикланиши Франция пойтахти учун янги экологик ва туризм имкониятларини очиб бериши тахмин қилинмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид