Ўзбекистон | 15:03 / 07.07.2025
7343
3 дақиқада ўқилади

2025 йилги июн экстремал қуруқ ой бўлди – Ўзгидромет

Бу йилги июн XXI асрдаги бошқалари каби иссиқ ва экстремал қуруқ ой бўлди, дея маълум қилди Ўзгидромет. Энг иссиқ кунларда ҳаво +39…+44 даражагача исиди. Ёмғир жуда камдан кам ҳолларда ёғди ва жадаллиги кам бўлди.

Фото: Kun.uz

2025 йилги июн ойи XXI асрдаги кўпчилик июн ойлари сингари иссиқ бўлди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан 1–2 даражага, Тошкент вилоятида баъзи жойларда 2,2–2,5 даражага юқори бўлди. Фақатгина республиканинг шимоли-ғарбий қисмида ўтган июн ҳарорат тартиби бўйича иқлим меъёрига яқин бўлди.

Ўзбекистоннинг марказий ва шарқий ҳудудлари бўйича ой барча кузатув йиллари учун энг иссиқ июн ойлари бешлигига кирди, дейди синоптиклар.

Ойнинг катта қисмида кундузги ҳаво ҳарорати +33…+38 даража атрофида бўлди. Энг иссиқ кунларда ҳаво +39…+41 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +42…+44 даражагача исиди.

Иссиқ пасайиши даврида кундузги ҳарорат +27…+30 атрофида бўлиши кузатилди ва ҳатто энг чекка жанубда ҳам +32…+34 даражадан юқори бўлмади. Бироқ бундай қулай об-ҳаво шароитлари давомийлиги қисқа муддатли бўлди.

Ўтган июн ойида максимал ҳарорат рекорд қийматларга етмади. Тарихий кузатув қаторлари учун июн ойида энг юқори максимал ҳарорат +42…+45 даражани, жанубда ва чўл ҳудудларда +46…+47 даражани ташкил этади.

Мамлакат бўйича энг юқори максимал ҳаво ҳарорати 1914 йилда Термиз шаҳрида +49,6 даража қайд этилган. Тошкентда 1914 йилда ўрнатилган июн ойининг мутлақ максимал ҳарорати +43,0 даража бўлиб қолмоқда.

Ўтган июн ойини экстремал қуруқ ой деб тавсифлаш мумкин. Ёмғир жуда камдан кам ҳолларда ёғди ва жадаллиги асосан бироз бўлди.

Фақат Қорақалпоғистон Республикасида (Устюртдан ташқари), Хоразм, Фарғона вилоятларида баъзи жойларда ва айрим тоғли ҳудудларда миқдори 9 миллиметрдан 31 миллиметргача бўлган маҳаллий жала ёмғирлар ёғиши қайд этилди.

Жала ёмғирлар ҳисобига Жиззах, Сурхондарё вилоятлари ва Фарғона водийси вилоятларининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари вужудга келишига сабаб бўлди. Ой учун ёғингарчилик миқдори 0,0–5 миллиметрни, республиканинг айрим ҳудудларида 6–8 миллиметрни ташкил этди.

Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида тез-тез қисқа муддатли ёмғир ёғиши кузатилиб, июн ойи учун умумий ёғингарчилик миқдори баъзи жойларда 25–30 миллиметрга, Тошкент ва Фарғона вилоятларининг айрим тоғли ҳудудларида 45–55 миллиметрга етди.

Республика бўича баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 метр/сониягача кучайиши кузатилди, Устюртда шамолнинг кучайиши 22 метр/сонияга етди. Айрим жойларда чангли бўронлар, чанг-тўзонлар ва чангли ғаборлар қайд этилди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид