Жаҳон | 10:03 / 07.07.2025
2560
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ҲАМАСни Ғазодаги гуманитар ёрдам тарқатиш пунктига ҳужумда айблади

Идора маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида фонднинг АҚШдан бўлган икки ходими яраланган.

Фото: Anas Deeb/UPI

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Тэмми Брюс Ғазо секторидаги гуманитар ёрдам тарқатиш пунктига қилинган ҳужумда Исроилни эмас, ҲАМАС ҳаракатини айблади.

Брюс X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилинган ёзма баёнотида ҲАМАСни АҚШ ва Исроил ҳомийлигида фаолият юритувчи Ғазо гуманитар жамғармаси марказига ҳужум қилишда айблади.

Брюснинг сўзларига кўра, ҳужумда фонднинг АҚШдан бўлган икки ходими яраланган. «Ғазо халқига ёрдам етказаётган одамларга нисбатан зўравонлик ҲАМАСнинг маънавий таназзулини кўрсатади», деди Давлат департаменти вакили ва Қўшма Штатлар жабрланганларнинг тезроқ соғайиб кетиши учун дуода эканини, «бу фидойи гуманитар ишчиларини ҳеч нарса тўхтата олмайди» деб ҳисоблашини билдирди.

Аввалроқ Исроил армияси Ғазонинг турли ҳудудларига йирик зарбаларни давом эттиргани, натижада 55 киши, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлгани, ўнлаб кишилар яралангани хабар қилинганди.

ҲАМАС, ўз навбатида, Исроилнинг чодирлар, уйлар, вақтинчалик яшаш марказлари ва ёрдам тарқатиш пунктларига берган зарбалари бош вазир Бинямин Нетаняҳу ҳукумати Ғазодаги геноцидни давом эттираётганининг исботи экани ҳақида маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид