Жаҳон | 14:46 / 11.07.2025
2125
2 дақиқада ўқилади

Reuters: АҚШ Трампнинг буйруғи билан биринчи марта Украинага қурол юборади

Доналд Трамп АҚШ Конгресси рухсатисиз президент фармони билан Украинага қурол жўнатиш учун биринчи марта PDA ҳуқуқидан фойдаланмоқда, деб хабар бермоқда Reuters. Бу механизм илгари Жо Байден томонидан тез-тез қўлланган.

Фото: REUTERS

АҚШ президенти Доналд Трамп ўз президентлик ваколатларидан илк бор АҚШ Конгресси рухсатисиз Украинага янги қуроллар партиясини юбориш учун фойдаланади. Бу ҳақда 10 июл, пайшанба куни Reuters ахборот агентлиги манбаларга таяниб хабар берди.

Агентлик суҳбатдошларига кўра, Трамп президент фармони билан Украинага қурол жўнатиш учун PDA (Presidential Drawdown Authority) ҳуқуқидан фойдаланмоқда. Бунинг учун Конгресснинг розилиги талаб қилинмайди. Ажратилган ёрдам пакети миқдори тахминан 300 миллион долларни ташкил қилади. У Patriot тизимлари учун ракеталарни, HIMARS тизимлари учун GMLRS снарядларини ва ҳужумкор ўрта масофали ракеталарни ўз ичига олиши мумкин.

7 июл куни Трамп Қўшма Штатлар Украинага кўпроқ, асосан мудофаа қуролларини етказиб беришини маълум қилди. «Биз буни қилишимиз керак. Улар ўзларини ҳимоя қила олиши керак. Уларга ҳозир жуда қаттиқ зарба беришмоқда», — деди ўша пайтда республикачи.

Трампдан аввалги давлат раҳбари Жо Байден Украинани қўллаб-қувватлаш учун доимий равишда PDA президентлик буйруқларидан фойдаланган. Шу пайтгача Трамп маъмурияти фақат Байден томонидан тасдиқланган қуролларни юборган.

АҚШ Конгрессининг 2024 йил октябр ойидаги маълумотларига кўра, 2021 йил августидан буён Украина Қуролли кучларига 68 та қурол етказиб берилди. Конгресс PDA миқдорини йилига базавий 100 миллион доллардан 2022 йилда 11 миллиард долларга, 2023 йилда 14,5 миллиард долларга ва 2024 солиқ йилида 7,8 миллиард долларга оширишни маъқуллади.

Reuters маълумотларига кўра, ҳозирда АҚШ ҳукуматида Байденнинг PDA томонидан ажратилган Украинага ёрдам учун 3,86 миллиард доллар қолган. Демократлар 2025 йил 9 январда 500 миллион доллар миқдоридаги сўнгги траншни маъқуллади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид