Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ бошқармаси Ғазо секторидан эвакуация бўйича чақириқни қоралади
Исроил армияси Ғазо сектори марказидаги Дайр ал-Балаҳ шаҳрида ҳарбий амалиётларини сезиларли даражада кенгайтирмоқчи ва бир қанча ҳудудлар аҳолисини жанубга эвакуацияга чақирмоқда. БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси ўз норозилигини билдирди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси Исроилнинг Ғазо аҳолиси ва ички кўчирилганларни минтақа марказидаги Дайр ал-Балаҳ шаҳрини тарк этиб, ёпиқ қирғоқ чизиғи бўйлаб жанубга кўчиб ўтишга чақиришини кескин танқид қилди. ЦАҲАЛ томонидан чиқарилган «оммавий ҳайдаб чиқариш буйруғи» бу урушдан вайронага айланган ҳудуддаги гуманитар саъй-ҳаракатларга навбатдаги ҳалокатли зарба бўлди, дея хабар бермоқда dpa 21 июл, душанбага ўтар кечаси бошқарма баёнотига таяниб.
Бошқарманинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, «буйруқ» берилган вақтда ҳудудда 50-80 минг киши бўлган, уларнинг кўпчилиги чодир лагерларида жойлашган эди. Сўнгги бир неча соат ичида камида 1000 оила жанговар ҳаракатлар содир бўлган ҳудудни тарк этишга мажбур бўлди, дейилади баёнотда.
Бошқарма ходимларининг ўзлари Дайр ал-Балаҳда қолмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, янги жанговар ҳудудга, жумладан, бир нечта гуманитар ёрдам омборлари, тўртта клиника, сув омбори ва канализация насос станцияси киради. «Ушбу инфратузилмага етказилган ҳар қандай зарар ҳаёт учун хавфли оқибатларга олиб келади», — дея огоҳлантирди бошқарма.
Июл ойи бошида Der Spiegel журналида чоп этилган маълумотларга кўра, мамлакат мудофаа вазири Исраэл Кац Ғазо секторининг жанубий қисмидаги Рафаҳ харобаларида атиги 60 кун ичида 600 минг фаластинликни сиғдира оладиган «гуманитар шаҳар» қуришни буюрган. Унинг фикрича, бу иккинчи йилдан бери инсонпарварлик фалокатини бошдан кечираётган Фаластин аҳолиси устидан ҲАМАСнинг кучини заифлаштириши керак.