Жаҳон | 08:30 / 31.07.2025
1772
2 дақиқада ўқилади

Германия: ҳарбий хизматга мажбур украинлар нафақадан маҳрум қилинини мумкин

ХСИ сиёсатчисининг фикрича, украиналик ҳарбий хизматга мажбур шахслар ё Германияда ишлаши ёки Украинада хизмат қилиши керак. Украинанинг Германиядаги элчихонаси Германияда ҳарбий хизматга чақирилиш ёшидаги украиналиклар кўпчиликни ташкил этишини муаммо деб ҳисобламаяпти.

Фото: picture alliance / Zoonar

Германияда ҳукмрон коалициядаги Христиан-социал иттифоқ (ХСИ) партияси ҳарбий хизматга мажбур бўлган 150 мингдан ортиқ украиналик эркаклар Германияда йилига 1,3 миллиард еврога яқин ижтимоий нафақа олишидан норози, деб ёзади Bild газетаси.

«Биз ҳарбий хизматга чақириш ёшидаги украиналик эркаклар учун фуқаролик нафақасига (Bürgergeld) чек қўйишимиз керак. Агар 18 ёшдан 63 ёшгача бўлган қарийб 151 минг украиналик биздан ёрдам олаётган бўлса, унда нимадир нотўғри. Бу гуруҳ одамлар бу ижтимоий нафақа олиш ҳуқуқига эга эмас ва бу ерда, Германияда ишлаши керак ёки Украинада ҳарбий хизматни ўташи керак», — деди ХСИнинг ташқи сиёсат бўйича эксперти Штефан Майер Bild билан суҳбатда.

Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери Германияга чақирув ёшидаги жами 304 144 нафар украиналик келди ва улардан 150 660 нафари 2025 йилнинг март ойида нафақа олувчилар сифатида рўйхатдан ўтган. Жорий йилнинг март ойида ўртача нафақа миқдори ойига 882 еврони ташкил қилди. Ҳарбий хизматга чақирилиш ёшидаги украиналиклар Германиядан ҳар йили жами 1,328 миллиард евро олади. Ижтимоий нафақалар ҳам асосий пул тўловларини, ҳам уй-жой ва қўшимча эҳтиёжлар учун давлат харажатларини ўз ичига олади.

Украинанинг Германиядаги элчихонаси Германияда чақирув ёшидаги украиналик эркаклар кўпчиликни ташкил этишида ҳеч қандай муаммони кўрмаяпти. «Хориждаги барча украиналик эркакларни қонунни бузганликда ёки сафарбарликдан бўйин товлаганликда айблаш нотўғри бўларди. Украиналик эркакларнинг хорижда бўлиши тақиқланмаган. Кетиш учун тегишли ҳужжатлар талаб қилинади. Германиядаги эркакларнинг катта қисми у ерда қонуний бўлиб, ҳарбий рўйхатга олиш тизимида рўйхатдан ўтган», — дея маълум қилди элчихона Bild сўровига жавобан.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид