Жаҳон | 20:34 / 01.08.2025
9252
4 дақиқада ўқилади

Путин ва Лукашенко скамейкада ўтириб интервю берди

Асосий мавзу Украинадаги уруш бўлди. Лукашенко украиналикларни Россия билан шошилинч сулҳ тузишга чақирди. Путин Россиянинг Украинадаги мақсадлари ўзгаришсиз қолганини айтди.

Фото: kremlin.ru

Россия президенти Владимир Путин ва Беларус президенти Александр Лукашенко Россиянинг Валаам оролида учрашиб, олий даражадаги музокараларни ўтказди. Шундан сўнг, 1 август куни скамейкада ўтирган ҳолда журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди. Meduza асосий иқтибосларни келтирди.

Путин: Бизда режим Конституцияга асосланган, Украина ҳақида эса бундай деб бўлмайди. Музокаралар ҳар доим муҳим. Кимнингдир ҳафсаласи пир бўлишига келсак, ҳафсала пир бўлиши ортиқча умидлардан келиб чиқади. Россиянинг 2024 йил ёзида эълон қилган мақсадлари ўзгаришсиз қолди.

Лукашенко: Биз санкциялар фонида жиддий иқтисодий бурилиш қилдик. Дунё ҳали буни баҳолайди. Бизни ҳеч ким тиз чўктирмайди. Музокара яхши нарса. Америкаликлар Ветнамда жанг қилган ва музокара олиб борган. Украина имконсиз нарсани талаб қилмоқда. Россия нима ёмон иш қилди? Қаровсиз болаларни овқатлантирди, кийинтирди. Улар эса айбламоқда!

Путин: У ерда бунчалик кўп бола йўқлиги маълум бўлди!

Лукашенко: Албатта, уч ёки тўрт бола. Вазиятни чигаллаштириш жараёни кетмоқда, бу фойда келтирмайди. Келишиш керак. Беларусга боришни хоҳламайсизми - ҳеч бўлмаганда Ойга, исталган жойга! Зеленский, нега Путин билан учрашмоқчиман деб бақиряпсан? Аввал тайёрланинг ва имзо чекинг. Трампни ҳам, Макронни ҳам чақиринг. Стармерни ҳам, ҳаммасини чақиринг!

Путин: [Украинадаги] махсус ҳарбий операцияда ҳаммаси яхши. Динамика тушунарли, яқинда Часов Ярни олдик. Душманларимиз илгари Россияни стратегик мағлуб этиш зарурлиги ҳақида гапирган. Ҳозир эса ҳеч бўлмаса ҳужумни тўхтатмоқчи. Бизга эса мустаҳкам тинчлик керак.

Лукашенко: Европани саноатсизлаштириш аллақачон бошланган. Айтишларича, америкаликларнинг мақсади шундай эмиш. Улар эса биз билан бирга бўлиши керак эди – Европа Иттифоқи ва Россия қудратли куч бўларди. Бу Хитойдан ҳам даҳшатлироқ куч бўларди.

Путин: Европа Иттифоқида умуман суверенитет йўқлиги аниқ. Бу эса улкан йўқотишларга олиб келади.

Лукашенко: Ғарб Зеленскийга босим ўтказмоқда, у нимани хоҳлаган эди? Миллиардлаб пул олди, энди пул берганлар айтяпти: нимага ишлатилганини кўрмоқчимиз. Ҳеч қандай суверенитет йўқ! Бошбошдоқлик!

Путин: Коррупция барча мамлакатларга хос. Аммо унга қарши ташқаридан туриб курашиб бўлмайди, айниқса, ташқаридагиларнинг ўзи қийналса. Европа ва АҚШда коррупция умуман қонунийлаштирилган! Лоббизм, бу нима ўзи? Украина коррупцияга қарши кураш бюролари маҳаллий ҳокимиятга бўйсунмайди! Одамлар мамлакатдаги жараёнларга таъсир ўтказмаса - бу таҳқирли ҳолат. Улар суверенитетнинг бир қисмини қайтариб олишга ҳаракат қилди, аммо юқоридан ҳуштак чалиниб, ҳамма нарса дарҳол орқага қайтарилди. Фақат шарманда бўлишди.

Лукашенко: Яна Часов Яр ҳақида - бу Краматорск йўли. Украина энди шоша-пиша Россиядан сулҳ сўраши керак. Акс ҳолда, россияликлар аста-секин барчасини ғажиб, эгаллаб, мағлуб этиб, олдинга силжийди.

Путин: Қайтариб олишармиш! Бу [жойлар] бизники...

Лукашенко: Хўш... қайтариб олишармиш, ха-ха-ха. Келишиш керак. Улар чопиб келиб, сулҳ тузиши керак. Чунки Россия ҳамма жойда ҳужумга ўтмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид