Жаҳон | 11:15 / 05.08.2025
2574
2 дақиқада ўқилади

Трамп Ҳиндистон учун божларни «сезиларли» оширишга ваъда берди

АҚШ президенти Ҳиндистоннинг Россиядан нефт сотиб олишига жавобан Ҳиндистон учун тарифларни кўтаришга ваъда берди, лекин қанча миқдорда эканлигини аниқлаштирмади.

Фото: Carlos Barria/REUTERS

АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳиндистоннинг Россия нефтини сотиб олгани учун бож тўловларини «сезиларли» оширишини маълум қилди. Бу ҳақда Трамп 4 август, душанба куни TruthSocial ижтимоий тармоғида ёзган.

«Ҳиндистон нафақат катта миқдорда Россия нефтини сотиб олмоқда, балки унинг катта қисмини очиқ бозорда катта даромад эвазига сотмоқда. Уларни Украинада Россиянинг уруш машинасидан қанча одам ҳалок бўлаётгани қизиқтирмайди. Шу муносабат билан мен Ҳиндистон АҚШга тўлайдиган тарифларни сезиларли даражада ошираман», деб ёзган Трамп. Президент тарифларни қанчага оширишни режалаштираётганига аниқлик киритмади.

1 августдан бошлаб Вашингтон Ҳиндистонга Ню-Деҳли ва Москва ўртасидаги савдо мувозанати ва бизнес туфайли 25 фоизлик савдо тарифларини жорий қилди. Ҳиндистондаги тўртта давлат нефтни қайта ишлаш заводи бунга жавобан Россиядан нефт сотиб олишни тўхтатгани ҳақидаги илк хабарлардан сўнг, турли манбалардан Ҳиндистон таҳдидларга қарамай, Россия нефтини сотиб олишда давом этиши ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.

Бир кун аввал Оқ уй маъмурияти раҳбари ўринбосари ва Трампнинг энг нуфузли ёрдамчиларидан бири Стивен Миллер Ҳиндистонни Москвадан нефт сотиб олиш орқали Россиянинг Украинадаги урушини молиялаштирганликда айблади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид