Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Атирингиз сиз ҳақингизда “гапиради”
Парфюм бу фақат ҳид эмас. У сизнинг кимлигингиз, қандай кайфиятда эканлигингиз ва ҳатто бошқаларга қандай таъсир қилишни хоҳлаётганингизни ифодалайди. Аёллар танлаган атирлар нафақат онгли, балки онгсиз истаклари, кечмиш тажрибалари ва руҳий эҳтиёжлари билан чамбарчас боғлиқ. Замонавий психология бу жараённи ҳид ва шахсият ўртасидаги нозик психологик алоқа сифатида изоҳламоқда. Ҳар бир атир нотаси остида хотиралар, истаклар ва эҳтирослар яширинган.
Атирлар қандай кучга эга?
Парфюм бурун орқали миянинг лимбик тизимига бевосита таъсир қилади. Бу тизим эса хотира, ҳис-туйғу, хулқ-атвор ва қарор қабул қилиш учун масъул бўлган марказдир. 2016 йилда Journal of Advanced Research нашрида эълон қилинган тадқиқотга кўра, лаванда, садр ёғочи, цитрус ва ванил каби ҳидлар инсон кайфиятига ижобий таъсир кўрсатади, кортизол (стресс гормони) даражасини пасайтиради ва инсоннинг ўзига бўлган ишончини оширади.
Парфюм шунчаки ҳис-туйғуларни уйғотибгина қолмай, балки уларни бошқаришга ёрдам беради. Масалан, инсон ўзини асабий, чарчаган ёки тушкун ҳис қилганда, маълум бир атирни сепиш орқали кайфиятни ўзгартириши, ўзини “яхшироқ” ҳис қилиши мумкин. Бундай ҳолатларни баъзи мутахассислар “ҳиссий рекалибрация” деб аташади, яъни ҳид орқали руҳий ҳолатни тиклаш. Шунингдек, бу жараён кўпинча онг остида юз беради. Яъни, инсон ўзига маъқул бўлган атирни танларкан, у буни фақат ҳиднинг ёқимлилиги учун эмас, балки у берадиган ташқи ва ички сигналлар: хавфсизлик, ишонч, жасорат, жозиба ёки осойишталик учун танлайди.
Атир танлови – нафис дидми ёки ички эҳтиёж?
Психологларнинг фикрича, аёл танлаган парфюм орқали нафақат ўзининг ҳозирги ҳолатини, балки қандай қиёфада кўринишни исташини ҳам билдиради. Тадқиқотчи Вим Жанссенс томонидан ўтказилган тажриба натижаларига кўра:
- Гулли ноталарни танлаганлар одатда нафислик ва романтикани қадрловчи, ҳис-туйғуларга бой аёллардир.
- Ёғочсимон ва ерга яқин ноталар мустақил, мулоҳазали ва ўз қоидалари билан яшайдиган шахсларга хосдир.
- Мевали ва ширин ҳидларни афзал кўрганлар эса кўпроқ очиқкўнгил, қувноқ ва ижтимоий фаолликка мойилдир.
- Аёллар учун ҳам, эркаклар учун ҳам мос келадиган парфюмлар эса гендер стереотипларидан четда бўлишни хоҳлайдиган, ўзига хос шахсият эгаларига хос.
Шундай қилиб, парфюм бу шунчаки косметик восита эмас, балки психологик ниқоб, имиж ва ички дунёнинг бир шаклидир.
Ифор орқали хотиралар қалбда қандай уйғонади?
Кўп аёллар учун маълум ҳидлар ўтмишдаги хотираларни эслатади: онасининг атири, илк муҳаббати ёки боғдаги гуллар ифори. Бу ҳодиса илмда “Проуст эффекти” номи билан танилган бўлиб, ҳид орқали онг остидаги чуқур хотираларни фаоллаштириш жараёнини англатади. Шунингдек, парфюм инсонда эсдаликлар орқали ҳиссий реакцияларни кучли қўзғатади. Натижада, аёл танлаган ифор унинг ҳозирги ҳолатидан кўра, кўпроқ у ким бўлганини ёки ким бўлишни истаганини эслатади. Бу эса парфумерияни шунчаки эстетик восита эмас, балки носталгия ва шахсиятни боғловчи воситага айлантиради.
Аромахология ва парфюмерия – янги илмий бурилиш
Сўнгги йилларда аромахология, яъни ҳидлар ва психологик реакциялар ўртасидаги муносабатни ўрганадиган йўналиш оммалашди. Психологик тестлар, сунъий интеллект ва парфюмерия бирлашиб, индивидуал характерга мос атир яратиш имкониятини бермоқда. Масалан, интроверт аёллар чуқур, тинчлантирувчи ҳидлар сандал, оуд, патчоули каби ноталарни афзал кўриши мумкин. Бу ноталар ўзига хос мустақиллик ва ички уйғунликни ифодалайди. Экстравертлар эса бергамот, жасмине ёки цитрус каби ёрқин, фаол ва ижтимоий характерни кўрсатадиган ҳидларга мойил бўлади.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, шахсият хусусиятлари билан парфюм танлови ўртасида сезиларли боғлиқлик бор. Бугунги кунда баъзи парфюм брендлари ушбу ёндашув асосида шахсиятга мос ифорларни тавсия этувчи интерактив тизимлар яратмоқда.
Мавзуга оид
18:54 / 27.03.2026
“Бизнес тренер”дан т(қ)армоқли маркетинг: атир иллюзияси ва “пуфак” бизнес
14:14 / 11.07.2019
“Парфюмерия” операцияси фош этилди
19:47 / 05.09.2018
Скрипалларни заҳарлашда Nina Ricci атири идишидан фойдаланилгани маълум қилинди
20:25 / 01.05.2018