150 долларга сотиб олмоқчи бўлган атирингиз аслида Дубайдан 15 долларга келтирилганини билсангиз харидни амалга оширган бўлармидингиз? Мақолада “уйнинг подшоҳи кимлиги” ҳамда “бир доллар тикмасдан бизнес юритиш” ҳақидаги гаплари билан танилган Икромжон Тожиддиновнинг Premium Pro компанияси мисолида тармоқли маркетингга “ичкаридан” назар ташлаймиз.

Охирги вақтларда Kun.uz’га Ўзбекистонда тармоқли маркетинг орқали маҳсулот ўтказаётган фирмалар фаолияти билан боғлиқ мурожаатлар кўпайди. Мурожаатларда номи келтирилган фирмалардан бирини танлаб олиб, унинг фаолиятини ўргандик. Бу “Premium Pro world” масъулияти чекланган жамияти. Фирма Ўзбекистонда “Premium Pro” номли атир маҳсулотларини тармоқли маркетинг усулида сотиб келади.

Тармоқли маркетинг нима?

Тармоқли маркетинг бирор маҳсулот ёки хизматни оддий дўкон ва анъанавий бозорда эмас, мустақил сотув агентлар тармоғи орқали сотиш тизими. Бунда ҳар бир сотув агенти ўзи сотган ёки у таклиф қилган бошқа сотув агенти ўтказган маҳсулот суммасидан бонус кўринишида даромад олади.

Оддий айтганда, тармоқли маркетинг “сот, соттир ва даромад ол” формуласига асосланади. Масалан, компания маҳсулот ишлаб чиқаради → биз шартли равишда Вали деб атаган шахс унга мустақил дистрибютор бўлади → у маҳсулот сотади ва фоиз олади → Вали бошқа мустақил дистрибюторни жалб қилади ҳамда уларнинг сотувидан ҳам фоиз олади.

Premium Pro – “бир долларсиз” бошланган бизнес

“Premium Pro world” масъулияти чекланган жамияти 2022 йил 5 сентябр куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Унинг ягона таъсисчиси ва раҳбари Шохрух Убайдуллаев. Ижтимоий тармоқлардаги расмий каналларида қайд этилишича, компания асосчиси “уйнинг подшоҳи кимлиги” ҳамда “бир доллар тикмасдан бизнес юритиш” ҳақидаги гаплари билан танилган Икромжон Тожиддинов ҳисобланади.

Икромжон Тожиддиновнинг таъкидлашича, у ушбу бизнесни ўзи айтгани каби “бир долларсиз” бошлаган. Яъни ушбу атир бизнеси учун инвестицияни бошқа одам киритган.

Қандай ишлайди?

Premium Pro атирлари тармоқли маркетинг усулида ўтказилади. Маҳсулотни асосан мустақил дистрибютор сотади. Кўп маҳсулот сотганларни эса турли кўринишда рағбатлантириш ваъда қилинган.