Ўзбекистон | 15:38 / 13.08.2025
12174
4 дақиқада ўқилади

Қибрайда дарахтлар аҳоли кўз ўнгида кесиб ташланди (видео)

Туман ҳокимлиги буни ҳудудни «кўкаламзорлаштириш мақсади» билан изоҳлаган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Қибрай тумани Ботаника маҳалласи ҳудудидаги дарахтлар кесилаётгани акс этган видеолар тарқалди.

Унда бензопила кўтарган ишчи маҳаллий аҳоли вакилининг қаршилик кўрсатишига қарамай, масъуллар назорати остида кўп қаватли турар жойлар атрофидаги ёш ва соғлом дарахтларни таг-туги билан кесиб ташлаётганини кўриш мумкин.

Кесилган дарахтлар орасида мевали дарахтлар ҳам бор.

Қибрай тумани ҳокимлигининг мазкур ҳолат юзасидан муносабатида дарахтлар «ҳудудни ободонлаштириш мақсадида» туман экологлари билан биргаликда кесилгани айтилган.

Маълум бўлишича, мазкур маҳалла жорий йил «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг 1-мавсумида қаровсиз ҳолатдаги жами майдони 34 сотих ер майдонини ободонлаштириш ва кўкаламзорлашириш ҳамда маҳалла ёшлари учун умумий майдони 800 квадрат метрни ташкил этадиган сунъий қопламали ёпиқ футбол майдонини қуриш лойиҳасини ютиб олган.

«Лойиҳа доирасида 1,5 млрд сўм маблағ эвазига замонавий, ёпиқ футбол майдонини қуриш ва туман ҳокимлиги ташаббуси билан ҳудуд атрофини янада кўкаламзорлаштириш ҳамда сайр қилиш йўлакларни ташкил этиш мақсадида мазкур қаровсиз боғдаги қуриган ва парваришлаш имкони мавжуд бўлмаган 3 туп гилос ва 3 туп ўрик дарахтлари ҳамда 1 дона сирен бутаси (мораторий жорий қилинмаган) жами 7 дона дарахт Ҳукуматнинг 464-сонли қарорининг 1-илова, 1-боб, 2-бандида келтириб ўтилган талаблар асосида, туман Экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бўлими масъуллари иштирокида тегишли тартибда (видеода қонун талаблари бузилганлиги иддао қилинган) кесилган», – дейилади ҳокимлик муносабатида.

Расмий муносабатда ҳудудда «Яшил боғ» ташкил этиш, аҳолининг мароқли дам олиши учун қулай ва экологик тоза ҳудуд яратиш мақсадида барпо этилиши режалаштирилаётган мазкур лойиҳада аҳоли вакилларининг таклиф ва тавсиялари ҳам инобатга олингани айтилади.

Ҳокимлик фуқароларга «асоссиз ва ёлғон маълумот тарқатиш учун жавобгарлик борлиги»ни эслатган.

Ҳодиса жойида олинган сурат. Фото: X/@JasurNormetov
Ҳодиса жойида олинган сурат. Фото: X/@JasurNormetov


Тошкент вилояти Экология бошқармаси расмий муносабатида воқеа жойида 10 туп дарахт кесилгани ва ўсимлик дунёсига 39 млн 758 минг сўм миқдорида зарар етказилгани аниқлангани ҳақида маълум қилган.

«Ўрганиш давомида Қибрай тумани „Ботаника“ МФЙ 2-кўп қаватли уй орқа томонида жами 10 туп дарахт номаълум шахслар томонидан таг қисмидан кесиб ташлангани аниқланди. Бу билан Ўзбекистон Республикаси „Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида“ги қонунининг 34-моддаси талаблари бузилгани аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги „Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш  тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида“ги  464-сонли қарорига асосан ўсимлик дунёсига 39 758 000 сўм миқдорида зарар етказилгани ҳисоб-китоб қилинди. 

Шунингдек, дарахтларни кесган номаълум фуқароларнинг шахсига ойдинлик киритиш мақсадида Қибрай тумани ички ишлар бўлимига хат билан мурожаат қилинди», – дейилади бошқарма муносабатида.

Шунингдек, дарахтларни кесган номаълум фуқароларнинг шахсига ойдинлик киритиш мақсадида Қибрай тумани ички ишлар бўлимига хат билан мурожаат қилинган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид