Жаҳон | 08:49 / 22.08.2025
3766
2 дақиқада ўқилади

Суд Трампнинг 500 миллион доллардан ортиқ жаримасини бекор қилди

Бироқ, Трамп узоқ вақт давомида ўз кўчмас мулки ва бошқа активлари қийматини ошириб, кредиторлар ва суғурталовчиларни «алдаганини» тасдиқлади.

Фото: Getty images

Нью-Ёрк апелляция суди 2024 йил февраль ойида Доналд Трампга фирибгарлик иши бўйича тайинланган жаримани бекор қилди, деб ёзди Reuters.

Шу билан бирга, суд Трамп 2016 йилда биринчи муддатга сайланишидан олдин узоқ вақт давомида ўз кўчмас мулки ва бошқа активлари қийматини ошириб, кредиторлар ва суғурталовчиларни Trump Organization компаниясига янада қулай шартлар беришга алдаш орқали мажбурлагани ҳақидаги аввалги хулосаларни тасдиқлади, деб ёзди Associated Press.

Трамп айбловни рад этди, унинг адвокатлари Трампнинг кредиторлари ва бизнес ҳамкорларига тақдим этилган ҳисоботлардаги ҳар қандай хатолар аҳамиятга эга эмаслигини таъкидлади, чунки ҳеч кимга зарар етказилмаган.

Биринчи инстанция суди Трампга 355 миллион доллар миқдорида жарима тўлаш мажбуриятини юклади ва бу қиймат фоизлари билан 515 миллион доллардан ортиқ бўлиши мумкин.

Суд Трампни катта жаримадан озод қилганига қарамай, унга ва икки ўғлига бир неча йил давомида корпорацияларда раҳбарлик лавозимларини эгаллашни тақиқлади.

Трамп суд қарорини «тўлиқ ғалаба» деб атади. Унинг ижтимоий тармоқлардаги сўзларига кўра, суд «жасорат кўрсатиб», «ноқонуний ва шармандали қарорни» бекор қилган.

2024 йил февралдаги суд қароридан сўнг Доналд Трамп Нью-Ёрк бош прокурори Летисия Жеймсни «жодугар ови»да айблаб, ўзининг иккинчи президентлик муддатига сайланишига тўсқинлик қилишга уринаётганини айтди. Апелляция суди судьяларининг фикрича, Жеймс «жамоат манфаатларини ҳимоя қилгани» учун Трампни жавобгарликка тортишга ҳақли равишда уринган.

Reuters суд қарорини Летисия Жеймс учун мағлубият деб атамоқда. Агентликнинг қайд этишича, ҳозир АҚШ Адлия вазирлиги Жеймсга нисбатан ипотека билан боғлиқ эҳтимолий фирибгарлик иши бўйича тергов олиб бормоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид