Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Итюрак” - 60 йилдан ортиқ тақиқда бўлган асар
Бугун “5 дақиқа”да рус адабиётидаги энг кучли сатириклардан бири Михаил Булгаковнинг “Итюрак” қиссаси ҳақида гаплашамиз.
Ушбу қисса 1925 йилда ёзилган, лекин танқидий ғоялари сабаб совет цензураси томонидан узоқ йиллар нашр этилмаган. Асар саксонинчи йилларга келиб, қайта қуриш даврида оммавий тарзда ўқувчилар қўлига етиб борган.
Ит инсонга айланади
Асарнинг бош қаҳрамони профессор Филипп Филиппович. У Москвада яшайди ва инсон органлари устида тажрибалар олиб боради. Унинг асосий мақсади – инсон хусусиятларини сунъий йўл билан ўзгартириш ва янгилаш. Шу вақтгача профессор турли ноодатий тажрибалар ўтказган. Масалан, у ҳайвонларнинг органларини одамларга қўшиш орқали уларнинг хусусиятларини ўзгартиришга ҳаракат қилган, гипофиз ва бошқа аъзолар орқали ҳайвонлардаги нутқ ва ҳаракат хусусиятларини одамларга ўтказишни синаб кўрган. Шунингдек, у инсон ва ҳайвон хусусиятларини бирлаштириш, янги турдаги инсон образини яратишга интилиб, турли тажрибаларни амалга оширган.
Профессор бир куни кўчада оч ва абгор ҳолатда қолган ит – Шарикни уйига олиб келади. Унга эътибор ва ҳурмат кўрсатиб овқатлантиради, парваришлайди. Бироқ профессорнинг нияти яхши эмасди – у Шарикни инсонга айлантириш учун даҳшатли тажрибасини олиб боришга қарор қилади.
Шарикнинг гипофизи ва бошқа аъзолари кўчада ўлган дайди одамнинг органлари билан алмаштирилади. Бу органлар итнинг ташқи кўриниши, нутқи ва одатларини белгилайди. Профессор тажрибаларини олиб бориш давомида бу маҳлуқнинг янги овози ва ҳаракатлари атрофдагиларда ҳайрат, қўрқув уйғотади. Натижада ит аста-секин инсонга айлана бошлайди. Ундан Полиграф Полиграфович Шариков деган янги “инсон” пайдо бўлади.
Шариков барибир одам бўлмади
Бироқ мўъжиза содир бўлмайди. Шариков маданиятсиз, дағал ва тарбиясиз бўлиб чиқади. Унинг нутқи, одатлари ва хатти-ҳаракатлари ҳайвонга хос бўлиб қолади. Энди унда инсон ҳуқуқи бор эди, лекин унинг қўполлиги ва бепарволиги атрофдагиларни қийнайди.
У турли идораларда ишга жойлашади, уйдаги хизматчилар ва ҳамкасблар билан келиша олмайди, хатти-ҳаракатлари кўпинча низо ва тушунмовчиликка сабаб бўлади. У ҳатто профессорнинг ҳаёти ва одоб-ахлоқига аралашади, талаблар қўя бошлайди. Шариков шаҳар атрофида ҳам ўзини қўпол тутгани сабабли аҳоли ва ҳамкасблар билан кўпинча можаролар келиб чиқади.
Тийиқсиз тажрибанинг оқибати
Булгаков Шариков орқали жамиятда пайдо бўлган “янги одам”ларнинг қиёфасини очиқ кўрсатади. Билимсиз, савиясиз, лекин расмий минбар орқали қўллаб-қувватланадиган инсонлар. Асар орқали “одамни сунъий йўл билан ўзгартириб бўладими?” деган фалсафий савол қўйилади. Профессор тажрибаларини олиб боришда ўзининг масъулияти, илм-фан ва инсон маънавияти ўртасидаги қарама-қаршиликка дуч келади.
Охирида…
Профессор тажрибани ортга қайтаришга мажбур бўлади. Шариков яна итга айлантирилади. Бу орқали ёзувчи инсонни қўл билан яратиб бўлмаслигини, у фақат маънавият ва тарбия орқали ривожланиши мумкинлигини кўрсатади.
“Итюрак” – бу фақат ғалати тажриба ҳақида қисса эмас. У жамиятдаги тажрибасиз раҳбарлар, билимсиз “янги одамлар” ва инсон табиатининг мураккаблиги ҳақидаги ҳаётий ва фалсафий сатира. Асар сизни инсон ва жамият ҳақида фикр юритишга ундайди, билим ва маънавиятнинг аҳамиятини тушунтириб беради.
Ушбу китобни қуйидаги ҳавола орқали юклаб олиб, тўлиқ аудио шаклда эшитишингиз мумкин.
Исомиддин Пўлатов