Жаҳон | 14:42 / 01.09.2025
2151
2 дақиқада ўқилади

Россия 39 полшалик байкерга мемориалдаги акция туфайли киришни тақиқлади

Беларус орқали кириб келган поляклар Твер вилоятидаги Полша ҳарбий қабристонида акция ўтказди – улар дуо ўқиб, машъалалар ёқди ва гулчамбарлар қўйди. Ички ишлар вазирлиги уларни рухсат этилмаган акцияда айблади.

Фото: Видеодан кадр

Россия Ички ишлар вазирлиги Твер вилоятидаги «Медное» ёдгорлик мажмуасида акция ўтказгани учун Полшадан келган байкерларнинг Россияга киришини тақиқлади. Рухсат этилмаган тадбир ўтказгани учун 39 нафар Полша фуқаросига нисбатан маъмурий баённомалар тузилиб, уларга 5 йилга кириши тақиқланди, деб хабар қилди 31 август, якшанба куни ИИВ минтақавий бошқармаси.

"Медиазона" таъкидлаганидек, Беларус орқали келган полшалик байкерлар Полша ҳарбий қабристонига Полша байроғи рангидаги «Медное ёдимизда» ёзуви туширилган гулчамбарлар қўйиб, дуо ўқиб, машъалалар ёққан. Тахминларга кўра, воқеа 27 август куни бўлиб ўтган, гарчи бу ҳақда Россия давлат ОАВ 30 август куни ёзган бўлса-да, дея қайд этади нашр.

"Медиазона" хабарига кўра, гап «Люблю Полша» (Stowarzyszenie Kocham Polskę) уюшмаси аъзолари ҳақида кетяпти. Уларнинг Facebookʼдаги постларига кўра, улар Катин ўрмонидаги ёдгорлик, Смоленск яқинидаги Полша президенти Лех Качинский самолёти қулаган жойни ва Минск яқинидаги Курапати ҳудудини ҳам зиёрат қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид