Ўзбекистон | 11:47 / 01.09.2025
2254
2 дақиқада ўқилади

Туркияда "Ўзбек палови" мусобақаси ўтказилади

Ўзбекистон элчиси Илҳом Ҳайдаров бошчилигидаги мамлакат элчихонаси делегацияси амалий ташриф билан Туркиянинг Газиантеп вилоятида бўлди.

Фото: "Дунё" АА

Ташриф давомида вилоят губернатори ва мэри, савдо ва саноат палаталари раислари ҳамда ўзбек диаспораси фаоллари учрашувлар ўтказилди.

Газиантеп вилояти губернатори вазифасини бажарувчиси Седат Сезик ва мэр Фатма Шахин билан кечган мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Туркия ҳудудлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, ижтимоий-гуманитар, маданий-маърифий алоқаларнинг жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди. Газиантеп мутахассисларининг Ўзбекистонда гиламчилик соҳасини ривожлантиришда қўшган ҳиссаси алоҳида қайд этилди.

Томонлар Газиантеп ва Самарқанд ўртасида ўрнатилган қардошлик алоқалари доирасида турли тадбирларни ўтказиш бўйича фикр алмашди.

Газиантеп мэри Фатма Шахиннинг таъкидлашича, бу йил май ойида Ўзбекистонга бўлган ташриф унда чуқур таассурот қолдирган. "Нима учун аввалроқ келмадим, дея ўзимни койидим. "Ота юрт"да худди ўзимни уйимдагидек ҳис қилдим, ором олдим. Ишонинг, қайтганимдан бери ҳар бир учрашувимда Ўзбекистоннинг тарғиботчисига айландим. Бундан буён шаҳримизда бўлиб ўтадиган тадбирларда қардош шаҳримиз Самарқанд асосий ҳамкорларимиздан бири бўлади. Сентябр ойида ташкил этиладиган Газиантеп гастрономия фестивалига ўзбек ошпазларини таклиф этиб, "Ўзбек палов" мусобақасини ташкил этамиз. Якуний имтиҳонларда биринчиликни қўлга киритган ёшларимизни Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига зиёратга юборишга қарор қилдик. Ўзбекистон ҳудудлари билан барча соҳаларни алоқаларни ривожлантириш тарафдоримиз",– деди у.

Ташриф доирасида, Газиантепдаги Савдо ҳамда Саноат палаталари, шунингдек, шаҳардаги Биржа раҳбарлари иштирокида қўшма бизнес-форум ташкил этилди. Юздан ортиқ маҳаллий тадбиркорлар қатнашган форумда Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти ҳақида сўзлаб берилди, турк ишбилармонларини қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди. Озиқ-овқат, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, соғлиқни сақлаш, электрон тижорат каби соҳалардаги тадбиркорлар Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни ўрнатишга қизиқиш билдирди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид