Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Миллат тақдирланган кун
Ассалому алайкум, азизлар. Юртимизда байрам, катта байрам. Кеча Россиядан мустақил бўлиб чиққанимизнинг 34 йиллигини нишонладик. Мен сизларни байрам билан табриклаб, мустақиллик ҳақида ўз мулоҳазаларимни билдиришни истадим.
«СССР пайти яхши эмасди»
Ҳозир айтмоқчи бўлаётган гапимни анча йиллардан бери ўйлаб келаман. Бу борада жуда кўп одам билан тортишган, ҳатто жанжаллашганман. Ёш йигит вақтимдан буён юрагимга ёмон ботадиган бир гап бор: «СССР вақтида яхши эди». «Гугурт бир тийин эди, нон фалон тийин эди, ҳамма ишларди, фалон эди, пистон эди...». Ва менинг ёш тафаккуримда бир фикр айланардики, бу мисолларнинг ҳеч биридан таъсирланмасдим: ахир бизнинг миллатни, қандай даражадаги миллат бўлсак ҳам, бошқа бир миллат бошқарган-ку! Бизга пахта эктиришган, топганимизни «марказ»га ташишган, ҳад ҳисобсиз бойликларимизни талаб, одамларимизни робот-ишчига айлантиришган – ҳаммаси партия учун!
Кўп гапириш шарт эмас, ҳозир Ўзбекистон ССР мадҳиясининг дастлабки икки сатрини ўқиш кифоя:
«Ассалом, рус халқи, буюк оғамиз,
Ассалом, доҳимиз Сталин».
Ҳа, азизлар, СССР даврида ўзбеклар кунни Абдулла Қодирий каби миллатнинг энг етук вакилларини қатағон қилган Иосиф Жугошвиллига салом бериш билан бошлаган! Бу даҳшат эмасми? Даҳшат! Шахсан мен бундан ёмон нарсани тасаввур ҳам қилолмайман.
Ҳа, бизнинг давлатда муаммолар бор, кўп муаммо бор. Ахир Ўзбекистон катта давлат, яқинда 38 миллион бўлдик. Кўпнинг муаммоси кўп бўлади. Лекин биз муаммоларимизни ўзимиз ҳал қиламиз. Давлат бизники, муаммо ҳам бизники. Бошқа бирор давлат тепамизда қамчи ўйнатиб туриши шарт эмас.
Таққос
Биласизми, «СССР пайти яхши эди» дейдиган одамларнинг баъзи иддаоларига жавоб бериш қийин. Масалан, иттифоқ даврида кўп қишлоқларда клуб, кутубхона, чойхона, маданият маркази ва кичикроқ хотира майдони кўринишидаги боғлар ҳам бор эди, ҳозир қишлоқларда нима бор, деб сўрашади улар. Чиндан ўйлаб қоламан. Мустақилликнинг дастлабки йилларида ҳам қишлоқларда ижтимоий объектларга кўзимиз тушарди, ҳозир эса уларнинг деярли барчаси виждонга қўшиб сотиб юборилган.
Ёки бўлмаса, иттифоқ пайти кўпчилик ишларди, ҳозир кўпчилик бекор, дейди бояги оппонентлар. Бу борада ҳам тортишиш қийин, чиндан бизда иш ўринлари асосан қоғозларда яратилмоқда.
Айтмоқчи бўлганим, биз муаммоларимизни босқин остидаги ҳаётни қўмсайдиганлар аввал яхши эди, демаслиги учун ҳам ҳал қилишимиз керак. Кучли давлат бўлишимиз керак. Иқтисодий, маънавий ва сиёсий кучли. Авлодлар фахрланадиган даражада кучли. Ёшлар СССР пайти яхши эди, деган гапни эшитганда, кулиб қўядиган даражада кучли.
Истиқлол қадри
Биласизми, биз ҳали мустақиллик қандай буюк неъмат эканини тушуниб етганимиз йўқ деб ўйлайман. Балки биз жанг-у жадаллар эвазига мустақил бўлмаганимиз учун кўпчилик уни қадрламас, мустақиллик кунини янги йил каби ақлдан озиб байрам қилмас. Тўғриси, 1 сентябр кўпчилик миллатдошларимиз учун календардаги оддий кун, ошиб борса дам олиш куни, мактаб бошланадиган кун.
Лекин бу кунларни кўриш умидида қанчадан қанча бу миллатнинг энг орий вакиллари ўлиб кетди, ўлдирилди, отилди, қамалди, сургун қилинди. Илтимос, азизлар, Қодирий, Чўлпон каби шаҳидларимизни ҳар куни эсланг, улар айнан миллатимиз мустақил бўлишини истагани, буни босқинчи даврида яшаб туриб ўз асарларида ҳикоя қилгани, мақолалар ёзгани учун отилди.
Минглаб ота-боболаримиз миллатнинг эрки ўз қўлида бўлиши керак деб жанг қилгани учун босмачи деб таҳқирланди. Оҳ, қандай бахт миллат озодлиги учун кўкрак кериб жон бериш! Ўша бахтли инсонлар қурбон бўлган курашнинг номини мустақиллик дейишади. Яратган мана шу мард инсонларнинг кураши учун бизга мустақилликни берди, эркимизни ўзимизга қайтарди. Миллатимиз номи ўзбек, давлатимиз номи Ўзбекистон. Ўз чегараларига эга, халқаро тан олинган, ҳар тонг телеканалларида бошқа бир миллат эмас, ўзбек миллати улуғланган мадҳияси янграйдиган мустақил давлат. Бундан ортиқ бахт борми ахир?
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид
23:05 / 28.11.2025
Ўзбекистоннинг давлат қарзи 44 млрд долларга етди. Пуллар нимага ишлатилган?
22:06 / 27.11.2025
Олтин нархининг ошиши ёки тушиши: бу Ўзбекистон учун қай даражада аҳамиятли?
21:10 / 20.11.2025
Ўзбекистонга Полша бизнес доираларидан иборат делегация ташриф буюради
14:35 / 20.11.2025