1983 йил апрелда Бухоро вилояти ИИБ ОБХСС бошлиғи А.Музаффаров ва шаҳар саноат моллари савдо бўлими директори Ш.Қудратов ҳибсга олинади. Уларнинг ҳар иккаласи пора олишда айбланади. Кўп ўтмай бу жиноят иши бўйича терговга Москва томонидан СССР бош прокурорининг ўта муҳим ишлар бўйича катта терговчилари бўлган Телман Гдлян ҳамда Николай Иванов жалб қилинади ва улар Ўзбекистонга юборилади. Шу тариқа ўзбекистонликларни 5 йил қақшатган “Пахта иши” қатағони бошланади.

Наҳорингда пахта, шомингда пахта,
Айвонингда пахта, томингда пахта.
Оқар оғу бўлиб қонингда пахта,
Нега йиғламайсан, аҳли Андижон?

Шоир Муҳаммад Юсуф юқоридаги мисраларни бекорга ёзмаган. Ёши катталар яхши билишади, 1970-1980-йилларда Ўзбекистонда пахта экилмаган фақат ўзбекнинг томи қолди холос. Бошқа ҳамма жойда “оқ олтин” етиштирилди.

Ўша пайтларда нафақат пахтакорлар, ҳашарчилар, талабалар, ҳатто мактабларнинг 5-синфдан юқори ўқувчилари ҳам пахта даласига ҳайдалди ва улар декабр ойида ҳам далада юришди.

Совет раҳбари Леонид Брежнев ҳали Ўзбекистон 4 млн тонна пахта етиштириб юрган кезларда Шароф Рашидовга аввалига ҳосилни 5 млн тоннага, кейин эса 6 млн тоннага етказиш талабини қўяди.

Бу талабнинг оқибати нима бўлди? Ўзбекнинг боғлари қўпориб ташланди, полиз маҳсулотлари майдони камайтирилди, ҳатто томорқаларга пахта эктирилди. Барибир 6 миллионлик режа бажарилмади.

Шундан сўнг Москвада ўтирган корчалонлар ўзбекистонликларга режани бажариш йўлини ўргатишди: “сен пулни олиб кел, режанг бажарилади”. Оқибатда режа қоғозда бажарилди.

Бу орада 1982 йил кузида Леонид Брежнев вафот этади. Унинг ўрнига кўз тиккан КГБ бошлиғи Юрий Андропов Брежневнинг жасади қабрга қўйилмасдан “тахтга” ўтиради.

Шундан сўнг Рашидовнинг бошида қора булутлар айлана бошлайди. Чунки Андропов Рашидовни азалдан ёқтирмас ва ўч олиш учун пайт пойлаб юрганди. Бироқ Брежнев тириклигида у Рашидовга индай олмасди.