Жаҳон | 13:00 / 03.09.2025
3292
2 дақиқада ўқилади

Болгария ЕК раҳбарининг самолёти билан содир бўлган воқеани текширмайди

Болгария бош вазири Росен Желязков Урсула фон дер Ляйеннинг самолёти Болгарияга қўнганида қайд этилган GPS ишидаги носозликлар одатий ҳол эмас ва Россиянинг Украинага қарши урушининг «оқибатларидан бири» эканлигини айтди.

Фото: Antti Aimo-Koivisto / IMAGO / Global Look Press

Болгария ҳукумати Болгариянинг Пловдив аэропортида Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйеннинг самолёти қўнганида содир бўлган GPS носозлик сабабларини текширишдан бош тортди. Болгария бош вазири Росен Желязков 2 сентябр, сешанба куни бундай узилишлар «гибрид таҳдидлар ёки кибертаҳдидлар» деб таснифланмаганини таъкидлаб, «текширув бошлаш учун ҳеч қандай асос йўқ», деди.

Желязковнинг AFP агентлиги келтирган сўзларига кўра, фон дер Ляйен самолётига таъсир қилганидек, GPS ишидаги узилишлар одатий ҳол эмас. «Украинага қарши уруш бошланганидан бери биз электрон уруш деб аталадиган нарсанинг гувоҳи бўлдик», деди Болгария бош вазири. Унинг таъкидлашича, GPS ишидаги узилишлар «одатий нарса эмас» ва бу шундай ҳарбий можароларнинг «оқибатларидан бири». «Бу узилишлар аниқ бир самолётга қаратилган эмас», деб таъкидлади Желязков.

Бир кун аввал, 31 августда Урсула фон дер Ляйеннинг самолёти Болгарияда GPS сигнали узилиши сабабли муаммога дуч келгани, бунга Россия сабаб бўлганликда гумон қилингани маълум бўлган эди. Financial Times нашрининг ёзишича, бу Варшавадан учаётган самолёт учувчиларини Пловдивга қўнаётганда қоғоз хариталардан фойдаланишга мажбур қилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид