Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Боку – Москва низоси тил масаласига етиб келди
Азизлар, Россия ва Озарбойжон ўртасидаги низо эсингизда бўлса керак. Бу можаро ҳамон турли доираларда давом этмоқда. Менимча, тушунмовчилик икки давлат етакчилари учрашиб, келишиб олганидан кейин ҳал бўлиш мумкин. Бўлмаса, давом этаверади. Бир неча кун аввал Озарбойжон рус нашрлари Қорабоғдаги топонимларни аслидагидай ёзмаганидан норози бўлиб нота юборди. Ҳатто озар нашрлари Россия шаҳарларини эскича номи билан ёзишга ўтди. Қуйида шу ҳақда.
Хавфли мавзу
Айтиб қўяй, тил мавзусига эҳтиёт бўлиб ёндашиш керак. Шахсан мен кимдир бирор тилни камситишини, бирор тилдан ёки алифбодан қурол сифатида фойдаланишини қоралайман. Чунки тил борасида тортишув тезда миллатлараро низо келтириб чиқариши мумкин. Шу учун ҳамма ўзининг ва бошқалар гаплашадиган тилларни ҳурмат қилса кифоя – муаммо бўлмайди.
Демак, Россия ва Озарбойжон ўртасида зимдан давом этаётган низо тил масаласига ҳам етиб келди. Гап шундаки, Озарбойжон ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг ТАСС давлат ахборот агентлиги Қорабоғдаги жой номларини аслидагидай ёзмаганидан норози бўлиб нота юборди. Боку руслардан Қорабоғни советчасига «Нагорний Карабах» деб эмас, шунчаки Қорабоғ (ёки Карабах) дейишни, ҳудуд пойтахтини «Степанакерт» эмас, Хонкенди деб ёзишни талаб қилди.
Озарбойжон Қорабоғ қайтарилганидан кейин у ердаги манзиллар аслидагидай, озарчасига номланиши керак деб ҳисоблаб, ўзини бунга тўлиқ ҳақли деб билади. Расмий Боку юқоридаги позициясини шу билан изоҳлади.
Қизиғи, озарлар талабидан кейин ТАСС Қорабоғ ҳақидаги мақолада сарлавҳани ўзгартирди. Руслар мақолада топонимларни Карабах ва Ханкенди деб аташди.
Оринбор, Сарису, Кёнигсберг...
Энди энг қизиқ жойига етиб келдик. Озарбойжондаги ҳукуматга яқин сайтлар ТАСС агентлиги Хонкендини «Степанакерт» деб атаганига жавобан Россия шаҳарларини эскича (ёки туркча) номи билан ёза бошлади. Масалан, Minval сайти Калининградни Кёнигсберг, Оренбургни Оринбор, Волга дарёсини Итил деб ёзди.
Маълумот учун, Оринбор ҳозирги Оренбургнинг туркча ва қозоқча айтилиши. XVIII асрда ташкил этилган шаҳар XX аср бошида беш йил давомида Қирғизистон ССР пойтахти бўлган. Кейинчалик автономия пойтахти Қизилўрдага кўчирилгач, Оренбург Россия таркибига қайтган.
Озарбойжон давлат агентлиги АЗEРТАЖ ҳам бу ёндашувни қувватлаб, Волгоград шаҳрини Сарису деб аташга ўтиши мумкинлигини билдирди.
Ана шунақа гаплар, азизлар. Агар тилчилар яхшилаб ўрганиб чиқишса, Россиядаги исталган шаҳарнинг туркча аталишини топишади. Ўз навбатида руслар хоҳласа, собиқ иттифоқ республикаларидаги исталган шаҳарнинг ота-боболари қўйган номини топиб беришади.
Ўтмишда чегаралар ҳозирги каби бўлмаган, бу мавзуда тортишиш мантиқсизлик. Ҳаммаси давлатлар қонунларида белгиланганидай бўлиши керак. Ҳозирги рус тилида туркча сўзлар жуда кўп, бизнинг тилда ҳам русча сўзлар бисёр. Хуллас, ҳамма тилда бошқа бирор тилнинг унсурлари топилади. Бунга шунчаки тилнинг бир қирраси сифатида қараш керак. Тилдан ҳеч қачон қурол сифатида фойдаланмаслик керак. Ва албатта, ҳеч бир миллатнинг тилига беҳурматлик қилиш керак эмас. Омон бўлинг.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид
23:13 / 05.12.2025
Устюртда «Ўзбекнефтгаз» ва SOCAR қўшма лойиҳаси ишга тушди
09:03 / 02.12.2025
Озарбойжонда мухолифат етакчиси Али Керимли ҳибсга олинди
09:19 / 25.11.2025
Озарбойжонда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик қайтарилди
22:56 / 24.11.2025