Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Порахўрлик иши: Бундестаг собиқ депутати шартли жазога ҳукм қилинди
ХДИ (Христиан-демократик иттифоқ)дан Бундестагнинг собиқ депутати Аксел Фишер ЕК (Европа Кенгаши) Парламент ассамблеяси (ЕКПА)да ишлаган пайтида пул эвазига Озарбойжон манфаатларини илгари сурган. Мюнхендаги олий ер суди уни 1 йил-у 2 ой муддатга шартли озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилди.
Фото: REUTERS
Пайшанба куни, 22 январда Мюнхендаги олий ер суди ХДИдан Бундестагнинг собиқ депутати Аксел Фишерни “Озарбойжон иши” бўйича порахўрликда айбдор деб топди ва уни 1-у йил 2 ой шартли қамоқ жазосига ҳукм қилди. Шунингдек, Фишерга 32 минг евро тўлаш мажбурияти юклатилди: 20 минг евро — пора суммасининг бир қисмини қайтариш сифатида, яна 12 минг евро — жиноят қурбонларини қўллаб-қувватлайдиган Die Stiftung Opferhilfe жамғармасига хайрия сифатида. Бундан ташқари, унга кейинги икки йил давомида давлат лавозимларига сайланиш (номзодини қўйиш) тақиқланди.
Прокуратура Аксел Фишерга 1 йил-у 8 ой шартли жазо ҳамда 100 минг евро тўлов тайинлашни сўраган, ҳимоя томони эса уни оқлашни талаб қилган.
Мюнхен суди Фишер ЕКПАда Озарбойжон манфаатларини илгари суриши учун Бокудан пул олгани исботланган, деб ҳисоблади. Хусусан, суд матбуот баёнотига кўра, у 2016 йил ЕКПАда Тоғли Қорабоғ масаласи бўйича овоз беришда Озарбойжонга манфаатли позицияни эгаллаган ва нутқида Бокуни қўллаб-қувватлаган. Шунингдек, у ЕКПАдаги фаолияти давомида Боку вакилларига бир неча бор махфий ҳужжатларни етказган.
Ҳукм асослантирилишида раислик қилувчи судя Фишер 2011 йил бошларидан кечикмай жами 79 минг евро миқдорида нақд пул олганини кўрсатди. Бироқ Озарбойжондан қилинган тўловлар фақат 2014 йил сентябр ойида янги қонунчилик кучга киргандан кейин жиноят сифатида жазоланадиган бўлган. Мюнхен олий ер суди қарорининг асосига айнан шу сумма қўйилди.
Аксел Фишер доим айбини инкор қилиб келган, унинг адвокатлари прокуратурани терговни бир томонлама олиб борганликда айблаган. Собиқ депутат узоқ вақт суд мажлисларига келмагани сабабли, 2025 йил декабр охирида у қамоққа олинган. Суд фикрича, сиёсатчи унга қўйилган айблар даъво муддати ўтиши ҳисобига бекор бўлишига эришишга уринган.
Коррупцияга қарши курашувчи халқаро ташкилот Transparency International (TI) Аксел Фишерга чиқарилган ҳукм “ҳуқуқ тарихига киради”, деб билдирди. TI изоҳича, “илк бор Бундестагнинг собиқ депутати депутатлик мандатига эга бўлган ҳолда пора олгани учун айбдор деб топилди”.
Шу иш бўйича 2025 йил июл ойида ХСИ партиясидан Бундестагнинг собиқ депутати Эдуард Линтнер ҳам 9 ой шартли жазога ҳукм қилинган эди.
Мавзуга оид
19:52 / 19.01.2026
БААда Шайх Зайд мукофоти совриндорлари тақдирланди
16:04 / 17.01.2026
Озарбойжон Германия ва Австрияга газ етказиб беришни бошлади
09:01 / 30.12.2025
Озарбойжон: Украинада ҳар икки томонда уришганлар жазоланади
21:36 / 25.12.2025