Аёллар дунёси | 11:31 / 04.09.2025
4614
2 дақиқада ўқилади

Маникюр: Аёллар учун гўзалликми ёки хавф?

Аёл қўли — унинг энг кучли “ташриф қоғози”. Нозик, парваришланган тирноқлар нафaқат эстетик гўзаллик рамзи, балки аёлнинг ўзига бўлган ҳурмати ва эътиборидан дарак беради. Шу сабабли маникюр бугун деярли барча аёлларнинг одатий турмуш тарзига айланган. Аммо бир савол очиқ қолмоқда: бу жилоли тирноқлар бизга фақат гўзаллик ҳадя қиладими ёки яширин хавфларни ҳам олиб келиши мумкинми?

Фото: Shutterstock

Бугун гел маникюр, дизайнли тирноқлар ва тез қуритувчи лампалар мода оламининг ажралмас қисмига айланган. Аёллар учун бу нафaқат чирой, балки ички руҳий қониқиш, кайфиятни кўтарувчи жараёндир. Лекин дерматологларнинг таъкидлашича, тирноқ устидаги жилолар ортида кўзга кўринмас хавф-хатарлар ҳам мавжуд. Масалан, кўпчилик LED лампаларни хавфсиз деб ўйлайди. Аслида эса мутахассислар фикрича, фарқ катта эмас. UV ва LED лампалар ултрабинафша (UVA) нурларини бирдек чиқаради. Тадқиқотларга кўра, бундай нур ҳар икки ҳафтада қилинадиган маникюрда саратон хавфини оширмайди, аммо узоқ муддатда терининг қаришини тезлаштириши ва ҳужайраларга зарар етказиши мумкин.

Тирноқдан гелни ечиш масаласида ҳам турли усуллар мавжуд. Олдинлари ацетон кўп ишлатилган бўлса, ҳозир аппарат ёрдамида қириб ташлаш усули кенг тарқалди. Бир қарашда аппарат қулайроқ: тезроқ, кимёвий моддасиз. Лекин у ҳам тажрибасиз қўлда хавфли — тирноқ юзасини чуқур қириб юбориши, мўртлаштириши, чанги эса нафас олиш тизимига зарар етказиши мумкин. Ацетон эса тирноқни қуритиб юборади, терини яллиғлантириши эҳтимоли бор. Демак, иккаласининг ҳам фойдали ва зарарли жиҳатлари бор, энг муҳими эҳтиёткорлик ва балансни сақлаш.

Шунингдек, гигиена масаласи ҳам долзарб. Стерилизация қилинмаган қайчи ёки пилкалар бактериал инфекциялардан тортиб, жиддийроқ касалликларгача олиб келиши мумкин. Шунинг учун салон танлашда шароит, ускуналарнинг тозалиги, ходимнинг тажрибаси жуда катта аҳамиятга эга.

Мутахассисларнинг умумий тавсияси битта: маникюрни умуман рад этиш шарт эмас, аммо уни эътибор билан қилиш зарур. Маникюр олдидан қўлларга қуёшдан ҳимоя креми суртиш, бармоқлари очиқ махсус қўлқоп кийиш, тирноқларга дам бериш ва уй шароитида табиий воситалар билан парвариш қилиш гўзаллик ва саломатлик ўртасидаги мувозанатни сақлашнинг энг яхши йўлидир.

Мавзуга оид