Молия | 21:34 / 04.09.2025
6303
3 дақиқада ўқилади

Миллиардерлар: СИ таълимни буткул ўзгартиради

Университетда ўқиш нархининг қимматлиги ва қатъий дарс жадваллари узоқ вақтлардан бери кенг аҳолининг сифатли таълим олишига тўсиқ бўлиб келди. Сунъий идрок бу тўсиқларни бузиб, ўқишга интилган ҳар ким учун юқори сифатли, индивидуал йўлларни очиб беради. Таълим секторида СИни молиялаштираётган америкалик миллиардерлар Билли Экман, Лорен Пауелл Жобс ва Питер Тил ана шундай ғояни илгари суряпти.

Билли Экман

Миллиардер инвестор Билли Экман Техас, Флорида, Аризона ва Калифорнияда фаолият юритаётган Alpha School дастурини қўллаб-қувватламоқда. Бу болалар боғчасидан 12-синфгача мўлжалланган дастур бўлиб, сунъий идрок ёрдамида академик машғулотларни кунига икки соатгача қисқартиради. Дастур индивидуал таълим ва ҳаётий кўникмаларга урғу беради.

Экман ўз мактабини Ню Йоркда ҳам очиш ниятида. У ўз лойиҳасини “буюк инновация” деб таърифлаяпти.

Лорен Пауелл Жобс

Стив Жобснинг рафиқаси Лорен Пауелл Жобс – тадбиркор ва хайриячи. У XQ Institute номли нотижорат ташкилотга 300 млн доллардан ортиқ сармоя киритган. Бу ташкилот АҚШда ўрта мактаб тизимини ислоҳ қилиш билан шуғулланади. Технологиялар, жумладан сунъий идрок ёрдамида мактабларни ўзгартириш мумкинлигини илгари суради.

Питер Тил

PayPal асосчиларидан бири Питер Тилнинг Thiel Fellowship дастури ёш тадбиркорларга анъанавий таълимни ташлаб, инновацион лойиҳалар билан шуғулланиш имкониятини бермоқда. Дастурга қабул қилинган 20 ёшдан кичиклар учун 2 йил давомида 100 минг доллар грант берилади.

Ethereum асосчиси Виталик Бутерин – шу дастур стипендиатларидан бири. Питер Тилнинг стипендиантларидан яна бири – Жош Браудер, у диплом олишига бир неча ой қолганда Стенфордни ташлаб кетган: ўзининг айтишича, таълим кредитини тўплаш учун мажбурий рақс дарсларида қатнашиш каби талаблар уни ўз технологик стартапини ишга тушириш ва бошқаришдан чалғитган.

Тарихдан сабоқ

Meta асосчиси Марк Цукерберг ва унинг рафиқаси Приссилла Чан 2016 йилда Сан-Франциско кўрфазида бепул The Primary School мактабини ташкил этишган. Цукерберг, шунингдек, индивидуал ва болаларнинг ўз ташаббусига асосланган таълимга йўналтирилган хусусий AltSchool'ни қўллаб-қувватлаган. WеWork компанияси асосчиси Адам Нейманн эса 2018 йилда Манҳэттенда Монтессори услубига ўхшаш WeGrow мактабини очган. Аммо катта пул ҳар доим ҳам таълим соҳасида катта муваффақият олиб келмаган. WeGrow атиги икки йилдан кейин, 2020 йилда ёпилди. The Primary School келаси йилда ёпилиши эълон қилинган, AltSchool эса 2019 йилда ўз “микромактаб”ларини сотиб, дастурий таъминот компаниясига айланган.

Шунга қарамай, Экман, Пауелл Жобс ва Тил қилаётган ишларига катта оптимизм бор. Улар таълимга хусусий секторда талаб қилинадиган кўникмаларни, жумладан технологияга мослашувчанликни олиб киришмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид