Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шифокорлар уйма-уй юриб маҳалла муаммолари ҳақида сўровнома тўлдиришга мажбурланяпти
Тиббиёт ходимларига ўзи ишлайдиган ҳудудда жойлашган ҳар бир маҳалладан энг камида 10 киши билан суҳбатлашиб, ижтимоий сўровнома саволларини тўлдириб чиқишлари буюрилган. Kun.uz манбасининг маълум қилишича, ҳар бир сўровнома оралиғи 6-10 дақиқа орасида бўлиши зарурлиги, агар интервал яқин бўлса, дастур жавобларни қабул қилмаслиги айтилган.
Тошкент шаҳри ва вилоятларда шифокорлар уйма-уй юриб, маҳалладаги ҳолатни ўрганиш учун аҳоли вакиллари билан суҳбатлашиш ва сўровнома саволларини тўлдиришга мажбурланяпти.
Kun.uz’га йўлланган мурожаатда тиббиёт ходимларига Telegram орқали “Сўровнома” деб номланган “apk” (Android Package Kit) файл ташлаб берилган. Сўнг zoom платформаси орқали онлайн йиғилиш ўтказилиб, иловани телефонга ўрнатиш, унга махсус логин ва парол ёрдамида кириш, ҳудудни танлаб, саволларни тўлдириш ўргатилган.

Kun.uz ушбу сўровнома билан танишди. У жами 21 та саволдан иборат. Мобил иловага инфратузилма ҳолати (ички йўллар, сув таъминоти, коммунал хизмат, чиқинди ташиш хизмати), маҳаллага хизмат кўрсатувчи ташкилотлар (ҳокимият, таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик муассасалари), аҳоли билан мулоқот ва мурожаатлар ижроси, МФЙ раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, хотин-қизлар фаоли, солиқ инспектори, ижтимоий ходим, маҳалла банкири фаолияти, сайёр қабуллар ва мурожаатлар ижроси каби йўналишлар бўйича саволлар киритилган.

Мурожаатчиларнинг айтишича, давлатга тегишли муассасаларда фаолият юритувчи шифокорлар сўнгги 10 кундан буён аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ва давлат ташкилотларидан қониқиш даражасини ўрганиш билан овора.
“Zoom орқали онлайн йиғилиш ўтказиб, бизга бу сўровномани уйма-уй юриб ўтказишимиз кераклиги буюрилди. Ҳар бир маҳалладан камида 10 киши билан гаплашишимиз шарт экан. Ўзимизга мутлақо тегишли бўлмаган соҳа бўйича мажбурият юкланмоқда”, – дейди шахси сир сақланишини сўраган тиббиёт ходими.
Шифокорларнинг таъкидлашича, вазият фақат Тошкентда эмас, вилоятларда ҳам кузатилмоқда.
“ТТБ (тиббиёт бирлашмалари) орқали бутун шаҳардаги ходимларга бу топшириқ тарқатилган. Бизнинг асосий ишимиз одамларни даволаш, уларнинг саломатлигини тиклаш. Аммо бунинг ўрнига қоғозбозлик ва статистикани тўлдиришга мажбур қилиняпмиз”, – дейди мурожаатчи.
Kun.uz АРГОС тизимига масъул вакиллар билан суҳбатлашди. Уларнинг айтишича, мазкур ҳолат тизимдаги айрим хизматчиларнинг ўзбошимчалиги бўлган ва юқоридан уларга бундай топшириқ берилмаган. Хозирда бу каби мажбурловнинг тўлиқ олди олингани ва вазифа (сўровнома ўтказиш) билан маҳалла еттилиги шуғулланаётгани маълум қилинди.
Мавзуга оид
11:03 / 29.11.2025
"Бу навбатдаги бизнес режа": Шифокорлар ва беморлар Тошкент онкология касалхонаси тугатилаётганидан норози
16:17 / 10.11.2025
Тиббиёт ходимларига давлат хизматлари тўлови 2 баравар камаяди
14:26 / 13.10.2025
Сўров: америкаликларнинг аксарияти РФга қарши янги санкцияларни қўллаб-қувватлади
12:17 / 25.09.2025