Жаҳон | 21:11 / 23.12.2025
2919
2 дақиқада ўқилади

Социологлар россияликлар учун 2025 йилнинг асосий воқеаларини айтди

Аксарият россияликлар 2025 йилни «ўртача» деб атади ва унинг асосий воқеаси нархлар, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тарифлари, ҚҚС ва утилизация йиғимининг ўсиши бўлди. Украинадаги уруш билан боғлиқ мавзулар рейтингнинг иккинчи, учинчи, бешинчи ва саккизинчи ўринларида.

Фото: The New York Times

Аксарият россияликлар нархлар, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тарифлари, ҚҚС ва утилизация йиғими ўсишини 2025 йилнинг энг муҳим воқеаси деб ҳисоблайди. Бу ҳақда 23 декабр куни эълон қилинган «Левада-центр» сўровномаси маълум қилди.

Сўралганларнинг 34 фоизи нархлар, солиқлар ва йиғимларнинг ошишини асосий воқеа деб атади. Иккинчи ўринда - Владимир Путин ва Доналд Трампнинг Аляскадаги саммити (29 фоиз), учинчи ўринда - Украина дронларининг Россия шаҳарлари ва корхоналарига ҳужумлари (28 фоиз).

Тўртинчи ўринда - интернет ва Telegram ва WhatsApp каби мессенжерлар билан боғлиқ муаммолар (25 фоиз). Бешинчи ўринда - Украина Қуролли кучларининг Курск вилояти ва Сужа шаҳридан сиқиб чиқарилиши (23 фоиз).

Украинадаги урушнинг ўзи 17 фоиз билан атиги саккизинчи ўринда қолди. Сўровномада у «махсус ҳарбий операциянинг давоми» деб аталган. Олтинчи ўринни (19 фоиз) Украина билан ҳарбий асирлар алмашинуви эгаллади.

Сўралганларнинг аксарияти (63 фоиз) якунланаётган 2025 йилни «ўртача» деб таърифлаган. Фақат 22 фоизи яхши, 15 фоизи ёмон деган. Йилнинг энг кўп ижобий баҳолари 18-24 ва 25-39 ёш гуруҳлари орасида.

Владимир Путин сиёсатини маъқуллайдиганлар орасида йилни респондентларнинг 22 фоизи яхши, 9 фоизи ёмон деб атади.

Сўров 11-19 декабр кунлари Россиянинг 50 та минтақасида 1618 киши ўртасида ўтказилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид