Иқтисодиёт | 12:27 / 09.09.2025
2998
1 дақиқада ўқилади

Георгий Паресишвили Тошкент фонд биржаси раҳбари лавозимини тарк этди

2022 йил сентябридан буён Тошкент фонд биржасига раҳбарлик қилиб келаётган Георгий Паресишвили лавозимини тарк этди. Бу унинг меҳнат шартномаси муддати тугагани билан изоҳланяпти. Биржа бошқаруви раиси вазифаси вақтинча бажарувчи этиб Файзулла Тошов тайинланди.

Фото: Тошкент фонд биржаси

Георгий Паресишвили Тошкент фонд биржаси раҳбари лавозимини тарк этди, дея маълум қилди ташкилот матбуот хизмати.

Паресишвили ушбу лавозимда 2022 йил сентябридан буён ишлаб келаётган эди. Қарор унинг меҳнат шартномаси муддати тугагани сабабли қабул қилинди, дейилади хабарда.

Кузатув кенгаши қарорига кўра, биржа бошқарув раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб Тошов Файзулла Муратович тайинланди.

У меҳнат фаолиятини 2001 йилда «Ўзсаноатқурилишбанк»да бошлаган, 2005 йилдан буён депозитар тизимда ишлаб келмоқда. Хусусан, 2024 йилдан Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида Депозитар хизматлар ва ҳисоб-китоб-тўлов операциялари бошқармаси бошлиғи лавозимини эгаллаб келган.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров