Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Олий таълим вазирининг барча ўринбосарлари лавозимидан олинди
Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ва Инновацион ривожланиш агентлиги директорлари ҳам лавозимини тарк этди.
Чапдан ўнгга: Шоҳрух Далиев, Отабек Маҳкамов, Сарвархон Бузрукхонов
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг учала ўринбосари ҳам ишдан олинди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 9 сентябр кунги селекторда маълум қилди.
Давлат раҳбари истеъфо ҳақида эълон қиларкан, мактабгача ва мактаб таълими ҳамда касб-ҳунар ва олий таълим тизимларини ўзаро таққослади.
Хусусан, жорий йил бошидан халқаро фан олимпиадаларида мактаб ўқувчилари 195 та медални қўлга киритди (уларга оширилган ставкада жами 10 миллиард сўм, мураббий ўқитувчиларига эса 3,5 миллиард сўм пул мукофоти берилади). Хорижий тил эгалари жалб қилинган 1 мингдан зиёд мактабда тил бўйича сертификат олган ўқувчилар сони бир йилда 2,5 баробар кўпайди.
“Тўғри, мактабгача ва мактаб таълимида ўзгаришлар бўляпти, дастурлар ишлаяпти, натижалар бор. Лекин касб-ҳунар ва олий таълимга масъул мутасаддилар ҳалигача таълимдаги ислоҳотлар мазмунини тўлиқ тушуниб етгани йўқ”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу сабабли олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг барча ўринбосарлари – биринчи ўринбосар Шоҳрух Далиев, ўринбосарлар Отабек Маҳкамов ва Сарвархон Бузрукхонов ишдан олинди.
Шунингдек, президент фармони билан, Президент администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори Адҳам Худойқулов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди.
Давлат раҳбарининг қарори асосида, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги директори Шароф Ражаббоев ҳам лавозимидан озод этилди – бу истеъфо сабаби маълум қилинмади.
Президентнинг айтишича, эндиликда мактабгача ва мактаб таълими ҳамда олий таълим, фан ва инновациялар вазирлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда ҳокимлар превентив ва проактив ишлашга ўтиб, таълимнинг барча йўналишларида катта ўзгариш қилиши шарт.
- Шоҳрух Далиев ва Отабек Маҳкамов мос равишда вазирнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосари лавозимларида 2024 йил апрел ойидан буён ишлаб келаётган эди. Сарвархон Бузрукхонов эса олий таълим вазирининг ўринбосари лавозимига 2018 йил ноябр ойида тайинланган эди.
- Президент администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги 2025 йил май ойида ташкил этилган ва шу вақтда унга Адҳам Худойқулов директор этиб тайинланган эди.
- Шароф Ражаббоев Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги директори лавозимига 2024 йил январ ойида тайинланган. Унгача 2018 йил ноябридан буён Инновацион ривожланиш вазирлигининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.
Мавзуга оид
17:31 / 07.05.2025
Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлигига директор тайинланди
14:25 / 31.03.2025
“Қатъий назоратга оламиз” – вазирлик грантларни қайта тақсимлаш жараёни адолатли ўтишини билдирди
11:20 / 27.03.2025
Нега қабул комиссияси қарорлари ёпиқ сақланади? – масъуллар изоҳи
07:44 / 23.06.2024