“Қатъий назоратга оламиз” – вазирлик грантларни қайта тақсимлаш жараёни адолатли ўтишини билдирди
Янги тартиб бўйича грант ажратиш ва қайта тақсимлаш 3 та комиссия назоратидан ўтади. “Талабанинг баҳолари тизимга киритилади, ижтимоий фаоллик бўйича ҳам индекслар, индикаторлар билан ҳисобланади ва тизимдан тортиб олинади, кимдир уни ручкада ёзмайди”, - деди вазирлик департамент бошлиғи Абдували Холиқов.

Фото: Kun.uz
Грантларни тақдим этиш ва қайта тақсимлаш жараёни қанчалик адолатли ўтиши ҳақида маълумот берди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги масъуллари ОАВ билан ўтган матбуот анжуманида. Вазир биринчи ўринбосари Шоҳрух Далиев грантларни тақдим этиш жараёни шаффоф бўлишини таъкидлади.
Унга кўра, бунинг учун 9 нафардан кам бўлмаган аъзоси бор алоҳида 3 та комиссия тузилади ва улар таркибида жамоатчилик вакиллари ҳам бўлади. Низомда 3 та комиссия бўлиши кўрсатилган. 1-академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш комиссияси бўлиб, у таълим грантига талабгорларнинг академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш учун олийгоҳ ректори томонидан ўқув ишлари бўйича проректор раислигида тузилади.
2-комиссия ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича бўлиб, таълим грантига талабгорнинг ижтимоий фаоллигини аниқлаш учун олийгоҳ ректори томонидан ва ёшлар масалалари ва маънавий маърифий ишлар бўйича проректор раислигида тузилади.
Махсус комиссия бу академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия ҳамда ижтимоий фаоллигини аниқлаш комиссияларининг натижаларини умумлаштириб кўриб чиқиш учун олийгоҳ ректори раислигида ташкил этилади.
“Ўйлаймизки, ҳукумат томонидан тасдиқланган низом асосида олий таълим муассасаларида барча жараёнлар адолатли ва шаффоф кечади. Биз буни қатъий назоратга оламиз”, - деди Далиев.
Вазирлик департамент бошлиғи Абдували Холиқов талабларнинг ижтимоий фаолигини баҳолаш аниқ тизим асосида бўлиши ва у комиссиялар ишини бошлагунча ишга тушишини билдирди.
“Талабаларнинг фаоллик индекси қилиняпти, бу ҳам тизим орқали қилинади. Мана HEMIS’да GPA кўрсаткичи аниқ, уни ҳеч ким ўзгартира олмайди, ижтимоий фаоллик бўйича ҳам индекслар, индикаторлар билан ҳисобланади ва тизимдан тортиб олинади, кимдир уни ручкада ёзмайди”, - деди у.
Эслатиб ўтамиз, ҳукуматнинг тегишли қарори билан Олий таълим ташкилотларида талабаларга грантларни тақдим этиш ва қайта тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланганди. Унга кўра, таълим грантига талабгорлардан жорий ўқув йилида ўзлаштириш кўрсаткичи бўйича GPA кўрсаткичи 3,5 ва ундан юқори бўлиши талаб этилади. Ўзлаштириши ушбу кўрсаткичдан паст бўлган талабаларнинг таълим грантини табақалаштирилган тарзда қайта тақсимлашда иштирок этишига рухсат этилмайди ва таълим гранти ўрни вакант қолади.
Мавзуга оид

11:20 / 27.03.2025
Нега қабул комиссияси қарорлари ёпиқ сақланади? – масъуллар изоҳи

13:34 / 19.03.2025
«Озодлик радиоси» грант тўхтатилгани учун USAGM'ни судга берди

10:19 / 15.02.2025
Камбағал оилалар фарзандига ОТМда қўшимча грант ажратилади

09:04 / 10.02.2025