Жаҳон | 15:51 / 09.09.2025
5837
2 дақиқада ўқилади

Россия вертолёти Эстония ҳаво ҳудудини бузди

Эстония Россия дипломатик миссияси раҳбарини чақириб, Россия вертолёти Болтиқ денгизи устидаги ҳаво ҳудудини бузгани муносабати билан норозилик нотасини топширди. Ташқи ишлар вазири Цахкна воқеани жиддий деб эълон қилди.

Фото: Россия Мудофаа вазирлиги

Россиянинг Ми-8 вертолёти Финландия кўрфазидаги Вайндло ороли яқинида Эстония ҳаво ҳудудини бузди. Эстония армияси қўмондонлигининг 8 сентябр, душанба куни Таллинда хабар беришича, ҳодиса 7 сентябр куни тушга яқин содир бўлган, вертолёт Болтиқ денгизи устидаги Эстония ҳаво ҳудудида тахминан 4 дақиқа давомида ҳаво ҳаракатини бошқариш хизматларини хабардор этмасдан қолган.

Ўз навбатида, Эстония ТИВ Россиянинг мамлакатдаги муваққат ишлар вакилини чақириб, воқеа юзасидан норозилик нотасини топширганини маълум қилди. Бўлим бошлиғи Маргус Цахкна воқеани «яна бир жиддий ва ачинарли воқеа» ва «халқаро ҳуқуқнинг жиддий бузилиши» деб атади.

Бу жорий йилда Россия томонидан Эстония ҳаво ҳудудининг учинчи бузилишидир, дея таъкидланади Европа Иттифоқи ва НАТО аъзоси бўлган мамлакат ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. 13 май ва 22 июн кунлари ҳам шунга ўхшаш ҳодисалар содир бўлган. Август ойи охирида Эстонияда ҳарбий учувчисиз учоқнинг парчалари топилган эди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид