Жаҳон | 22:45 / 09.09.2025
4771
2 дақиқада ўқилади

Яқинларини заҳарлаб ўлдирган австралиялик аёл умрбод қамоқ жазосини олди

Қариндошларини қасддан заҳарли қўзиқорин билан меҳмон қилган Эрин Паттерсон узоқ муддатга қамалди.

Фото: AP

Уч нафар қариндошини заҳарли қўзиқорин билан заҳарлаган австралиялик Эрин Паттерсон 8 сентябр куни куни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Мелбурндаги Виктория штати Олий суди судяси Кристофер Бил уч нафар қариндошини ўлдиргани ва яна бир кишини ўлдиришга урингани учун Эрин Паттерсон умрининг қолган қисмини қаттиқ режимли қамоқхонада ўтказиши ва назарий жиҳатдан фақат 2056 йилда, 83 ёшга тўлганида муддатидан олдин озодликка чиқиши мумкинлиги ҳақида қарор чиқарди.

Шу йил июл ойида ҳакамлар ҳайъати Эрин Паттерсонни уч кишини қасддан ўлдирганликда ва яна бир кишини ўлдиришга уринишда айбдор деб топган эди.

Қайд қилинишича, 2023 йил ёзида Паттерсон собиқ эрининг ота-онасини, унинг холаси ва унинг эрини кечки овқатга таклиф қилган ва уларга гўштли/қўзиқоринли таом берган. Кейинчалик, собиқ эрининг ота-онаси ва холаси заҳарланишдан вафот этган, бироқ шифокорлар холасининг эри ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлган.

Таъкидланишича, Паттерсоннинг собиқ эри ҳам кечки овқатга таклиф қилинган, бироқ у келмаган.

Маълум қилинишича, Паттерсон ва собиқ эри ўртасида алимент бўйича зиддият бўлган. Аёл эрининг ота-онасидан ёрдам кутган, бироқ, улар можарога аралашмаган.

Паттерсоннинг адвокатлари судда заҳарли қўзиқоринлар таомга тасодифан тушиб қолганини ва унда қотиллик нияти бўлмаганини таъкидлади.

Ҳакамлар ҳайъати ўз қарорини қабул қилиш учун олти кун муҳокама ўтказди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид