Спорт | 16:40 / 10.09.2025
18575
4 дақиқада ўқилади

«Футболчилар ҳам сўрашяпти» – Кападзе ишидаги мавҳумлик ҳақида

У бу борада расмий изоҳ йўқлиги чарчатганини айтди.

Фото: ЎФА

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе ўз ўрнига хорижлик мураббий келиши ҳақидаги гаплар юзасидан яна бир бор муносабат билдирди.

«Бу [мавзу] одамни совитади. Хонада ўтирасиз, ишлаш керак, машғулот бор, йигитларга гапирадиган гапларим бор… ёқимсиз [ҳиссиёт]. Мотивацияни менга халқ берди, айрим журналистлар берди.

Албатта, бу [гап-сўзлар] таъсирини кўрсатди. Футболчилар ҳам интернетда кўряпти, улар ҳам „Ака, нима бўляпти?“ деб савол бераверди. Ёқимсиз ҳолат. Турнирдан аввал тайёрлашим керак, бу ерда эса бундай нарсалар бўляпти

Ҳаммасини расмий изоҳ орқали тартибга солса бўларди. Агар хорижлик мураббий жалб қилишмоқчи экан, кичик матбуот анжумани ташкиллаштириб „Жаҳон чемпионати тажрибасига эга мураббий қидиряпмиз. Темурга қилган ишлари учун раҳмат“ деб айтиб қўйишса бўларди.

Ҳамма менга саволлар бераверди. Шу томондан Ўзбекистон футбол ассоциацияси мени қийнаб қўйди. Эҳтимол, ўзлари ҳам ҳали якуний қарорга келишмагандир.

Агар топ даражадаги хорижлик мураббий келса, қаршилигим йўқ. Унинг ёнида юриб, кўр нарса ўрганишим мумкин», –деган Кападзе Oriat Dono радиосидаги «Futbol+» кўрсатувида.

У ўзбек мураббийлари ҳам Жаҳон чемпионатида тажриба ортириши кераклигини гапирди.

«Ҳар бир мусобақа, жумладан, CAFA ҳам бизга яхши тажриба бўлди. Қаердадир хато қиласиз, кейин таҳлил қиласиз, тажриба шундай келади-да. Жаҳон чемпионатида бўлмаса, тажрибани қаерда йиғамиз. Мақсад чемпион бўлиш бўлмаса, майли, гуруҳдан чиқиш бўлсин, лекин ўша тажриба ҳам фойдали бўлади-ку. Мен, балки бошқа ўзбек мураббийи бўлиши мумкин, тажриба шу ерда [Жаҳон чемпионатида] йиғилади-ку. Йиғилган тажриба шу ерда  ўзбек футболида қўлланадику»,  деди Кападзе.

Кападзе ўрнига номзодлар

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон миллий жамоаси бошқарувига хорижлик мураббий олиб келиниши ҳақида хабарлар чиқмоқда. Аввалига Ўзбекистон футбол ассоциацияси 2014 йил Германияни жаҳон чемпионига айлантирган Йоахим Лёв билан музокаралар олиб борган, якунда тажрибали мутахассис бу таклифни рад этганди. Туркиялик Фотиҳ Терим ҳақида ҳам хабарлар чиқди, аммо бу вариант музокаралар даражасига етиб бормади.

Кейинроқ ЎФА португалиялик мутахассис Паулу Бентуни миллий жамоа бош мураббийлигига асосий номзодлардан бири сифатида кўриб чиқаётгани ҳақида хабар тарқалди. Аммо ушбу мутахассис билан музокаралар келишув билан якунланмади, яъни у ҳам таклифни рад этган.

Энди эса ОАВда хорватиялик мутахассис Славен Билич Ўзбекистон миллий жамоаси билан боғланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тимур Кападзе жорий йил 22 январида Сречко Катанец ўрнига миллий жамоа бош мураббийи этиб тайинланганди. Кападзе бошқарувида жамоа 2026 йил АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтадиган жаҳон чемпионати саралашининг 3-босқичи доирасида ўз уйида Қирғизистонни мағлуб этди (1:0) ва меҳмонда Эрон билан дуранг ўйнади (2:2). Шунингдек, сафарда айнан Бенту бошчилигидаги БАА билан ўйинда дуранг ҳисобни сақлаб қолиб (0:0), ўз тарихида илк марта жаҳон чемпионатига чиқди.

Унинг бошқарувида Ўзбекистон миллий жамоаси сентябр ойида CAFA Nations Cup турнирида ғолиб чиқди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид