Спорт | 23:24 / 05.09.2025
7258
2 дақиқада ўқилади

«Эрон ҳар доим хавфли жамоа» - Кападзе финал ва мундиал режаси ҳақида

Миллий жамоа бош мураббийи матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди.

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе CAFA Nations Cup-2025 турнири доирасидаги Қирғизистонга (4:0) қарши ўйиндан сўнг ўз фикрларини айтди.

Ўзбекистон гуруҳда биринчи ўринни олди ва 8 сентябр куни финалда Эрон миллий жамоасига қарши майдонга тушади.

«Осон ўйин бўлмади. Рақибларга ҳам миннатдорлик билдираман, улар етарлича қаршилик кўрсатди. Тактикани рақибга қараб танладик. Прессингда бизга кўпроқ ҳужумчи керак эди. Шу сабаб 3 ҳимоячи схемасини танладик.

Ҳар бир ўйинда кимнидир алоҳида ажратиб кўрсатиш тўғри бўлмайди. Футбол — жамоавий спорт тури. Шундай экан, унда ҳамма бирдек ғалабага ҳисса қўшади.

Эрон билан кўп ўйнаганмиз. Тожикистонда ўтган ўйинларни кузата олмадик. Сабаби, ўз ўйинимиз билан банд эдик. Шунга қарамай, улар ҳар доим хавфли жамоа бўлиб қолади. Эронга қарши янада жиддийроқ тайёргарлик кўрамиз.

Уругвай билан ўртоқлик ўйини ўтказамиз. Шунингдек, Аргентинага қарши ўртоқлик баҳси ўтказиш ҳам режада бор эди.

Бизда ҳозир юқори савиядаги ҳимоячилар бор. Ҳусанов, Алиқулов каби ҳимоячиларнинг етишиб чиқаётгани биз учун қувонарли.

Мундиалгача ишлаб чиқилган аниқ режамиз бор. Бироқ ҳозирги вазиятни жуда яхши тушуниб турибсиз. Шундай экан, ҳозир бир нарса дея олмайман», деди Кападзе учрашувдан сўнг.

Аввалроқ, Йоаҳим Лёв ва Паулу Бенту Ўзбекистон миллий жамоасини бошқариш таклифини қабул қилмагани ҳақида хабар берилган эди. Норасмий маълумотларга кўра, ЎФА миллий жамоани хорижлик мураббийга топшириш устида ишламоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид