Ўзбекистон | 13:38 / 11.09.2025
1849
2 дақиқада ўқилади

Нотариуслар фаолиятида айрим ўзгаришлар жорий этилади

“Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. 

2026 йил 1 апрелдан давлат нотариал идораси нотариусини лавозимига тайинлаш бўйича танлов ва хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш бўйича малака имтиҳони ўрнига ахборот технологияларидан фойдаланиб, 2 босқичли ягона танлов тартиби жорий этилади:

➖ 1-босқичда талабгорлар давлат ва жамият бошқаруви ҳамда коррупцияга қарши курашиш, фуқаролик ҳуқуқи, нотариат ва ворислик ҳуқуқи соҳалари бўйича тест синовларидан ўтади; 
➖ 2-босқичда тест синовларидан муваффақиятли ўтган талабгорлар Олий малака комиссияси томонидан ўтказиладиган амалий имтиҳонда нотариал ҳаракатларнинг лойиҳаларини махсус электрон платформада тайёрлайди ва муаммоли масалага (казусга) жавоб беради.

Шунингдек, 2026 йил 1 апрелдан:

🔸 хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус касбий фаолиятини узрли сабабларга кўра бажара олмаганда, унинг аризасига асосан лицензиясининг амал қилиш муддати тўхтатиб турилади;
🔸 нотариус лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатишдан ташқари огоҳлантириш ва жарима кўринишидаги муқобил таъсир чораларини қўллаш механизми жорий этилади;
🔸 нотариал расмийлаштирилган барча ҳужжатлар нотариуснинг имзоси, муҳри ва/ёки QR код (матрик штрихли код) билан тасдиқланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид