Спорт | 10:28 / 16.09.2025
4435
3 дақиқада ўқилади

Элит ОЧЛ. «Насаф» сафарда амалдаги чемпионга аламли тарзда ютқазди

Қаршиликлар биринчи бўлимдаги икки гол устунлигини бой беришди.

Фото: Насаф матбуот хизмати

Элит Осиё Чемпионлар Лигаси, 1-тур
15 сентябр, душанба
«Ал-Аҳли»  «Насаф» 4:2
Голлар: 
Энцо (65, 68), Маҳрез (90+4), Сулаймон (90+15)  Норчаев (34, 41).
«Ал Аҳли»: Менди, ал-Бурайкан (Сулаймон, 46), ал-Жоҳани (ал-Шамат, 62), Дамс, Мериҳ Демирал (Гонсалвеш, 46), Ибанес, Маҳрез, Мажраши (Атангана, 62), Кесси, Энцо Мийо (Абдулраҳмон, 84), Айвен Тоуни.
«Насаф»: Неъматов, Давронов, Ғайбуллаев, Раҳматов (Черан, 65), Норчаев (Юсуф Отубанжо, 84), Чолович (Абдираҳматов, 65), Голбан, Баҳромов, Насруллаев, Бозоров (Муҳитдинов, 75), Эшмуродов (Сиддиқов, 84).

15 сентябр куни Қаршининг «Насаф» клуби Элит Осиё Чемпионлар Лигасидаги иштирокини бошлади. 1-тур доирасида турнирнинг амалдаги чемпиони «Ал-Аҳли»га қарши ўйин Жиддадаги «Кинг Абдулла Спорт Сити» стадионида бўлиб ўтди ва унда мезбонлар 4:2 ҳисобидаги иродали ғалабани қўлга киритди.

Ўйиннинг 34-дақиқасида Ҳусайн Норчаев мезбонлар ҳимоясидаги қўпол хатодан фойдаланиб, ҳисобни очди, танаффус арафасида эса дублни расмийлаштирди.

Саудияликлар устози алмаштиришлар амалга оширди ва бу ўз фойдасини берди. Иккинчи бўлим мезбонлар устунлигида бошланди. 65-дақиқада Абдувоҳид Неъматов тўпга чиқишда қўпол хатога йўл қўйди ва Энцо Мийо узоқ масофадан бўш қолган дарвозани ишғол этди. Орадан 3 дақиқа ўтиб, Энцо иккинчи голини уриб, ҳисобни тенглаштирди.

Ўзбекистон жамоаси дуранг ҳисобни ҳам ушлаб қололмади. Ўйиннинг қўшимча дақиқаларида дастлаб Риёз Маҳрез ўнг қанотдан «Насаф» жарима майдонига кириб бориб, ўз услубида гол урди — 3:2. 90+13-дақиқада эса Алибек Давронов сўнгги умид фоли учун қизил карточка олиб, майдонни эрта тарк этди. Бир киши кўп бўлиб ҳаракат қилган «Ал-Аҳли» 90+15-дақиқада «Насаф» дарвозасига тўртинчи голни ҳам урди.

Энди «Насаф» ОЧЛ доирасидаги навбатдаги ўйинини ўз майдонида Саудия Арабистонининг бошқа бир жамоаси — «Ал-Ҳилол»га қарши ўтказади. Мазкур беллашув 29 сентябрга белгиланган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид