Ўзбекистон | 12:36 / 16.09.2025
4453
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Чустдаги газ-бетон блоки ишлаб чиқариш мажмуасида бўлди

Президент Шавкат Мирзиёев 16 сентябр куни Чуст туманидаги “Мегатон” корхонасининг газ-бетон блоки ишлаб чиқариш мажмуасида бўлди.   

Фото: Президент матбуот хизмати

“Наманган” эркин иқтисодий зонасида жойлашган, "Туронбанк" томонидан молиялаштирилган 40 миллион долларлик ушбу лойиҳа доирасида Хитой, Германия, Дания каби давлатлардан инновацион технологиялар келтириб ўрнатилган. Шу боис, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати ва самарадорлиги юқори.

Масалан, Германия технологияси энергия тежамкорликни таъминлайди. Бундай газоблокдан қурилган бинони ташқи изоляция қилиш шарт бўлмайди, ичкаридаги иссиқлик ва салқинлик тўрт карра кам йўқотилади. Натижада электр энергияси харажати 45 фоизгача қисқаради.

Ишлаб чиқаришда “Мегатон” корхонасига қарашли “Наманган цемент”нинг 550 маркали цементидан фойдаланилади. Бу орқали қўшилган қиймат занжири яратилган. Корхонада 500 та янги иш ўрни очилган.

Давлат раҳбари бу ердаги иш жараёни, лаборатория ва маҳсулотларни кўздан кечирди. Мутасаддилар маҳсулот сифати, иссиқ ва совуққа чидамлилиги ҳақида маълумот берди.

– Қурилиш саноатимиз замон талабига мослашиб, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқараётгани яхши, – деди давлат раҳбари. –  Бундай инновацион технологияларни импорт улуши юқори бўлган бошқа тармоқларда ҳам қўллаш керак. Шунда бозорда рақобат, харидорларда танлов бўлиб, жойларда иш ўрни кўпаяди. Бунинг учун изланувчан тадбиркорларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз.

Мазкур корхонада йилига 600 минг метр куб маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бу вилоятда ғиштга бўлган эҳтиёжнинг 28 фоизини қоплаши кутилмоқда.

Лойиҳанинг иккинчи босқичида автоклав газоблок девори, махсус клей, кимёвий қоришма ва сувоқларни маҳаллийлаштириш режалаштирилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид