Жаҳон | 20:22 / 17.09.2025
6070
4 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ шарқий чегараларда «дрон девори» барпо этилишини тезлаштирмоқда

Фото: Marek Ladzinski / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA

Россия дронлари томонидан Полша ва Руминия ҳаво ҳудуди бузиб кирилиши билан боғлиқ сўнгги воқеалар фонида Европа иттифоқида ҳамжамиятнинг шарқий қисмидаги чегараларни ҳимоя қилиш бўйича хавотирлар ортиб бормоқда, деб ёзади Financial Times.

Рўй берган ҳодисалар шуни кўрсатдики, НАТО давлатлари нисбатан арзон дронларни тўхтатиш учун жуда қиммат технологияларга таянади, бу эса, «Москва келажакда фойдаланиши мумкин бўлган жиддий заифликдир», дейилади мақолада.

Вазиятни ўнглаш учун Брюсселдагилар миллий ҳукуматларни мувофиқлашган ҳолда Европа Иттифоқи маблағлари ҳисобидан Украинада ўзини яхши томондан кўрсатган арзонроқ ҳимоя тизимларини сотиб олишга чақирди.

Шу билан бирга, Европа Иттифоқининг марказий раҳбарияти бундай ёндашув тўлиқ интеграциялашган технологияларга асосланган тақдирдагина самарали бўлиши ҳақида огоҳлантирди. «Бир давлат ўз чегарасида бир нарсани, бошқаси эса бошқасини қилиши мумкин эмас. Россия шунчаки бизнинг заиф томонларимизни ҳисобга олган ҳолда ўз ёндашувини ўзгартирмоқда», – деди FT журналистларига шахси сир сақланишини истаган европалик мулозим.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 10 сентябр куни Европа Иттифоқи Россия таҳдидларига «реал вақт режимида» жавоб бериш учун «дрон девори» барпо этиши кераклигини айтди. У Украина билан биргаликда «дронлар алянси» тузилишини эълон қилди, бу Европага ўз мудофаасини мустаҳкамлаш учун Украинанинг кенг кўламли тажрибасидан фойдаланишга имкон беради. Ушбу маблағлар учун Россиянинг музлатилган активлари гарови остида 6 миллиард евро кредит ажратилади.

Европа Иттифоқи шарқидаги Россияга бевосита яқин жойлашган давлатлар баҳорда ҳамжамият томонидан қўшимча мудофаа учун ажратилган маблағнинг асосий қисмини ҳам олади. Май ойида Европа Иттифоқи томонидан яратилган 150 миллиард евролик қурол-яроғ фондидан 100 миллиард евролик қисми Россия Федерациясининг энг яқин қўшниларига берилади.

Европа Иттифоқининг шарқий қисми мамлакатлари аллақачон дронларга қарши курашиш бўйича Украина билан фаол иш олиб бормоқда, дея таъкидлайди Financial Times. Полшада дронларга қарши кураш бўйича украиналик мутахассисларни жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Литва ва Латвияда Украинада бўлгани каби дронларга қарши курашиш учун акустик тизимлардан фойдаланиш йўлга қўйилмоқда: бу тизимлар дронларни товуш орқали аниқлайди, сўнгра маълумотни зенит қуроллари ва пулемётлар билан қуролланган мобил гуруҳларга узатади. Қурилмаларни бу тарзда йўқ қилиш ракеталардан фойдаланишга қараганда анча арзон тушади.

Россия дронлари 10 сентябрга ўтар кечаси Полша ҳаво ҳудудини кенг чизиқ бўйлаб бузиб кирди. Дронларнинг асосий қисми (жами 21 та дрон қайд этилган) Беларус ҳудудидан учиб келган. Уларни қарши олиш учун Полша ва НАТОнинг бошқа давлатлари авиацияси жалб қилинди. Варшава алянс доирасида расмий маслаҳатлашувлар сўради.

Кўп ўтмай, НАТО бош котиби Марк Рютте алянснинг шарқий чегараларидаги мамлакатларни ҳимоя қилиш учун мўлжалланган «Шарқий қўриқчи» миссияси бошланганини эълон қилди. Бу ҳудудга қўшимча авиация воситалари кўчириб ўтказилди ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари кучайтирилди.

13 сентябр куни Россия дрони Руминия ҳаво ҳудудига ҳам учиб кирди. Унинг йўлини тўсиш учун яна қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилди. Дрон тезда Украина ҳудудига қайтиб кетган. Руминия расмийлари таъкидлашича, бундай ҳолатлар сўнгги пайтларда «тахминан ҳар ҳафта» такрорланмоқда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид